ЁШЛАРНИНГ СПОРТГА ҚИЗИҚИШИ ЯНАДА ОШДИ
Тошкент темир йўл муҳандислари институтида 1 – июнь «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни»га бағишлаб ходимларнинг 14 ёшгача бўлган фарзандлари ўртасида спортнинг шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақа ташкил этилди. Мусобақа касаба уюшма қўмитаси бошланғич ташкилоти ҳамда шахматга ихтисослашган Республика болалар ва ўсмирлар мактаби ҳамкорлигида ташкил этилди. Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш, болалар ўртасида спортнинг оммавийлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирнинг биринчи қисмида олий тоифали мураббий, «Шуҳрат» медали соҳиби Равшан Шукуров, 2016 – йилги Осиё чемпионлари Алихон Авазов, Хадятулло Мухаммедовлар сўзга чиқиб, юртимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилгани, имкониятлардан оқилона фойдаланиб юртимиз байроғини юқори кўтариб, Ўзбекистон номини бутун дунёга танитаётгани, жумладан шахмат ва шашка мусобақалари, бу борада юртимиз вакилларининг жаҳон ареналарида эришаётган ютуқлари хусусида сўзлаб берди.
Шундан сўнг мусобақага старт берилди. Унда 120 нафардан ортиқ болалар ўз ёши доирасида баҳслашди. Жумладан, шахмат бўйича 13 ёшгача бўлган болалар ўртасида Давлат Тўхтахунов, Озодбек Мирхотамов учинчи, Акбарбек Мусаев иккинчи, Шамсиддин Абужабборов биринчи ўринга, 11 ёшгача бўлган болалар ўртасида Комилжон Қобилжонов, Юнусбек Умархўжаев учинчи, Шаҳзод Шавкатов иккинчи, Шаҳобиддин Абдужабборов биринчи, шашка бўйича 8 ёшгача бўлганлар ўртасида Жаъфар Каримов иккинчи, Зафаржон Қобилжонов биринчи, 10 ёшгача бўлган болалар ўртасида Камрон Ражабов ва Сарвариддин Насретдинов учинчи, Навфал Каримов иккинчи, Абдулазиз Мусаев биринчи ўринни эгаллади.
Мусобақа якунида ғолиб спорсеварларга касаба уюшмаси томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: