Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши   Click to listen highlighted text! Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши

ЎЗГАЛАР ДАРДИ БИЛАН ЯШАШ — САОДАТ

Абдурозиқ Нигмановни темирйўлчилар яхши танишади. Таъбир жоиз бўлса, “суяги темир йўлда қотганлардан”. Унинг темир йўл соҳасига илк қадами Тошкент шаҳридаги Миллий боғдан бошланган. Тўғрироғи, мазкур боғ тасарруфида ташкил этилган “Ёш темирйўлчилар” тўгарагидан.

Оддий ишчи оиласида туғилган Абдурозиқ болалигидан меҳнатсевар, тиришқоқ бўлиб ўсди. Айниқса, техникага бўлган қизиқиши унга сира тинчлик бермасди. Ўғлининг иштиёқини кўрган отаси хурсанд бўлди, унинг раъйини қайтармади. Абдурозиқ тўгарак қатнашчиларининг ичида ҳам билимга ташналиги, ҳаракатчанлиги билан ажралиб турарди. Ҳар бир машғулотни сабрсизлик билан кутар, устози Ботир Ҳамидовдан кўп нарсани ўрганишга ошиқарди.

Мактабни битириб, Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг кечки бўлимига ўқишга кириб, кундузи Тошкент юк ортиш-тушириш механизациялаштирилган дистанцияси (кейинчалик “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ)да электр чилангарига шогирд тушди.

Техникага қизиқувчан, табиатан тириш­қоқ эмасми, тез орада жамоа­да кўзга кўринган ишчилар сафидан жой олди. Иш фаолияти давомидаги фаоллиги туфайли бир йил ичида тоифаси оширилди.

1976 йилнинг баҳор ойида Шумилов юк саройида бўлган талафотни — табиий офат, кучли шамол туфайли 5 та юк кўтарма кранининг ағдарилганлигини ўша даврда ишлаган темирйўлчиларнинг кўпчилиги яхши эслашса керак. Бир кеча-кундузнинг ўзида корхона таъмирлаш бригадаси жамоасининг саъй-ҳаракати билан Чуқурсой юк саройининг вагон йўллари бўшатилиб, вагонларнинг туриб қолиши қисқартирилган эди ўшанда. Ана шу масъу­лиятли ишда Абдурозиқ Нигматов жонбозлик кўрсатгани учун, жамоадошлари қатори, темир йўл тизими раҳбарияти томонидан алоҳида рағбатлантирилган.

Абдурозиқ ака техникани яхши биладиган мутахассис бўлгани учун ҳарбий хизмат даврида ҳам қийналмади. Радиоалоқа йўналиши бўйича ўтаган ҳарбий хизмати давомида кўплаб янгиликларни ўрганишга, малакасини оширишга ҳаракат қилди. Йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, аввал ўзи ишлаган корхонада электромеханик вазифасида ишини давом эттирди. Ўнлаб кўтарма кранларни кабель электр таъминотидан трллей электр таъминотига ўтказиб, корхона маблағини тежаш ишига ўз ҳиссасини қўшди. Кўтарма кранларни таъмирлаш бўйича муҳандис бўлиб ишлаган чоғида жуда кўп янгиликлар, изланишлар устида иш олиб борди. Ишчиларга қулай бўлган техник иш жараёнларини яратиб, раҳбарият эътиборига тушди. Тез орада корхона раҳбарининг техник масалалари бўйича муовини этиб тайинланди.

Сергели механизациялаштирилган юк саройи лойиҳасининг амалга оширилиши, замонавийлаштирилган катта контейнерларни, оғир юк ва ускуналарни ортиб туширувчи кранлар монтажи, кадрлар масаласи каби бир қатор муҳим вазифаларни сидқидилдан бажарганлиги унинг учун муваффақият пиллапояси бўлиб хизмат қилди. Масъулиятли ва оқилона иш юритиши туфайли шу корхонага раҳбар этиб та­йинланди.

“Дарахт бир жойда кўкаради”, деганларидек, Абдурозиқ Нигмановнинг меҳнат фаолияти фақат мана шу корхонада ўтди. У қайси лавозимда ишламасин, хоҳ оддий электромеханик, хоҳ муҳандис ёки раҳбар бўлсин, ҳамиша янгиликка интилиб, иш жараёнларини енгиллаштириш йўлидаги ихтиролар устида изланди, ишланмаларини амалда қўлланишига ҳаракат қилди ва меҳнатлари бесамар кетмади.

Ҳар бир корхонада иш суръати­нинг яхши натижа бериши, аввало, ишчи-ходимларнинг кайфияти, уюшқоқлиги, ўз ишидан қаноатланишига боғлиқ. Янаям аниқроқ айтиладиган бўлса, ижтимоий томондан яхши ҳимояланган, қўллаб-қувватланган ишчиларнинг меҳнатида унум бўлади. Бунга эришиш ҳам оддий иш эмас. Бу ишни яхши ташкиллаштириш, ишчиларнинг кўнглига йўл топа билиш катта маҳорат ва меҳнатни талаб қилади. Ана шундай қобилиятга эга мутахассисга ҳар бир корхонада эҳтиёж бор. Абдурозиқ Нигмановнинг одамлар билан ишлаш принципи ва жонкуярлиги туфайли корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб сайланди.

Ишчи-ходимларнинг ижтимоий аҳволи, оилавий муаммо ва камчиликларини бартараф этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимларга алоҳида эътибор, ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи каби вазифалар ва уларни ҳал этишда турли ташкилот ва идоралар, корхоналар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш — бу ўз-ўзидан бўлиб қоладиган иш эмас. Бунга фидойилик ва яна фидойилик керак. Абдурозиқ Нигманов бор куч-ғайратини ана шу ишга сафарбар этиб ишлай бошлади.

”Ўзтемирйўлконтейнер” акциядорлик жамияти темир йўл тизимининг етакчи корхоналаридан. Бунга жамоада ишнинг яхши ташкиллаштирилганлиги, хусусан, қулай меҳнат шароитларининг яратилганлиги, ижтимоий-иқтисодий, маънавий масалалар ўз вақтида ечимини топаётгани асосий омилдир. Корхона раҳбарияти ва касаба уюшмаларининг уюшқоқлик билан иш олиб борилган жойда самарали натижага эришиш мумкинлиги рад этиб бўлмайдиган оддий ҳақиқат. Ана шу ҳамжиҳатлик туфайли корхонада мунтазам равишда хайрли ишлар қилиниб келинмоқда. Энг муҳими, соҳада меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ижтимоий эътибордан миннатдор.

Абдурозиқ аканинг жонкуяр, жамоат ишларида фаоллиги “Тошгузар—Бойсун—Қумқўр­ғон” темир йўл қурилишида янада яққол намоён бўлди. Барча мутасадди раҳбарлар қаторида, ишни яхши ташкиллаштириш мақсадида ушбу юксак бунёдкорлик ишига оз бўлсада ҳисса қўшиш унга чексиз фахр-ифтихор туйғусини бахш этди. Темир йўлда ҳар қандай меҳнат эътиборсиз қолмайди. Муҳим аҳамиятга эга қурилишлардаги иштироки, жамоат ишларидаги фаоллиги туфайли бир неча маротаба раҳбарият томонидан рағбатлантирилди. Айниқса, 2012 йилда “Фахрий темирйўлчи” кўкрак нишони соҳиби бўлиши унинг ўз касбига бўлган меҳрини, масъулиятини янада оширди.

—      Авваллари инсон ҳаётининг маъноси-мазмуни ҳақида кўп ўйлардим, — дейди ҳикоямиз қаҳрамони. — Йиллар ўтиб англаяпманки, кимгадир нафинг тегса, бундан кўнглинг хотиржам бўлса, ҳаётнинг мазмунини ҳис этаркансан. Бирор ишни бошласам, уни охирига етказгунимча ҳаловатимни йўқотаман. Қилаётган ишимни шунчаки, юзаки қилишдан қочаман. Бошқаларда мана шундай ҳолатни кўрсам, дашном беришдан ўзимни тўхтатолмайман, баъзан.

Ҳа, Абдурозиқ аканинг меҳнатсеварлиги, айниқса, ростгўйлиги, тўғрисўзлиги кўпчиликка яхши маълум. Бу тарбияни у отаси Абдурауф ота, онаси Лазокат аядан олган. Ота-онасининг тарбияси унга умр бўйи дастуриламал бўлган бўлса, унинг ўзи ҳам турмуш ўртоғи Нафиса опа билан 3 нафар фарзандига ҳалоллик, тўғри­сўзлик, меҳнатсеварликни ўргатиб, уқтириб катта қилди. Кам бўлишмади, ҳозир уларнинг ҳар бири олий маълумотли, етук мутахассис, ўз ишининг устаси, жамоасида ҳурмат- эътибор қозониб келишаяпти. Айниқса, ота касбини танлаган тўнғич ўғли Рустамнинг темир йўл соҳасидаги ютуқлари, келини Дилафрўзнинг темирйўлчилар саломатлиги йўлида фаолият олиб бориши Абдурозиқ акада жуда катта миннатдорлик, мамнунликни пайдо қилади. “Мевасидан данаги ширин” — 6 нафар набиранинг ҳар бири Абдурозиқ аканинг ҳаётдаги энг катта ҳузури, роҳатидир.

— Аслида сулоламизнинг темир йўлдаги меҳнат стажи 100 йилни ташкил этади, — дейди ҳазиломуз Абдурозиқ ака. — Акамнинг, ўзимнинг, ўғлимнинг, келинимнинг темир йўл стажини қўшиб ҳисобласак, бир асрдан ошиб кетади. Худо хоҳласа, набираларим орқали бу сулолани давом эттириб, яна бир аср қўшмоқчимиз…

Яхши ният… Салкам 45 йилдан буён битта корхонада фаолият юритиб, кимдандир ўрганиб, кимгадир ўргатиб, кимдандир ибрат олиб, кимгадир ибрат бўлиб, доимо изланиб, тиниб-тинчимай, атрофидагилари учун елиб-югуриб ишлаб келаётган Абдурозиқ ака ҳаёт йўлларидаги барча ютуқларини устозлари Ҳаким Ғофуров, Ёқуб Исмоилов, Абдулхай Абдураҳмонов, Қутлимурот Собиров каби етук инсонлар билан боғлайди. Шогирдлари Жавлон Тўрахўжаев, Шокир Бобоёров, Баҳром Исмоиловларга ҳам устозларидан олган тажриба ва билимни уқтиради.

Ҳар бир инсон умрини бир китоб қилса арзийди. Айниқса, бугун 60 ёш остонасида турган, эзгу ишлари билан юртига, оиласига, меҳнат жамоасига наф келтираётган Абдурозиқ акага ўхшаган заҳматкаш инсонлар тўғрисида битта мақола доирасида ҳамма гапни айтиш мушкул. Аммо биз у ҳақида хулосамизни айта оламиз — ўзгалар дарди билан яшайдиган инсон! Ёнимиздаги одамларда мана шундай фазилатлар бор экан, ҳаёт гўзал, умр мазмунли бўлаверади.

Print Friendly, PDF & Email

Arxivlar

Noyabr 2024
Du Se Ch Pa Ju Sh Ya
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930  

Хатолик топдингизми?

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!