Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши   Click to listen highlighted text! Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши

ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ КАСБ БАЙРАМИНИ НИШОНЛАМОҚДА

Халқимизда “Меҳнат – шодлик, роҳат ва бахт пойдевори”, деган гап бор. Шу маънода, ўз меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги ва ғайрат-шижоати билан кўплаб хайрли ишларни амалга ошираётган мамлакатимиз темирйўлчиларини, том маънода, юртимиз келажагининг мустаҳкам пойдеворини яратаётганлардан, дейиш мумкин.
Эртага ана шу забардаст касб эгаларининг касб байрами!
Бундан роппа-роса бир йил олдин – 2017 йил 2 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Респуб­ликаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонга имзо чеккан эди.
Унга мувофиқ, ҳар йили август ойининг биринчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни” деб эълон қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг бундай юксак эътибори мамлакатимиз темирйўлчиларига катта мамнуният бағишлаши билан бирга, зиммаларидаги вазифаларни бажаришда икки ҳисса кўпроқ масъулият юклади. Соҳа ходимлари ўтган бир йил давомида ўз фаолияти доирасидаги ишларни муваффақиятли бажарибгина қолмай, Президентимиз бошчилигида Ватанимиз истиқболини белгилаб берадиган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси сифатида сидқидилдан меҳнат қилди.
Бугун Ўзбекистонимиз, таъбир жоиз бўлса, катта бунёдкорлик, қурилиш майдонига айланган, дейишимиз мумкин. Шаҳару қишлоқлар, маҳаллалар обод бўлиб, юртимиз мутлақо ўзгача қиёфага кириб бормоқда. Ҳар соҳада тубдан ўзгариш, янгиланишлар рўй бермоқда.
Президентимиз пойтахт ва барча вилоятлардаги бунёдкорлик ишлари, инвестиция лойиҳалари ижроси жараёни билан шахсан ўзи бориб, яқиндан танишмоқда, аҳоли билан учрашиб, оддий инсонларнинг уйларигача кириб бораяпти, уларнинг дардини тинглаяпти. “Давлат билан халқ ўртасидаги девор олиб ташланди!”, деб баҳо берилаётган бу ҳолатлардан халқимиз мамнун, халқимиз рози, энг муҳими, олдинга қўйилган мақсадлар аниқ ва ишончли эканлигини ҳар бир юртдошимиз англаб етмоқда.
Халқаро ҳамжамият юртимизда кечаётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб бормоқда. Ўзбекистондаги иқтисодий модернизация ва либераллашув жараёнлари, экспорт ҳамда импорт соҳасида кўплаб янгиликлар, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар фаолияти учун қўшимча қулайликлар яратилаётгани кўплаб давлатларни қизиқтириб қўймоқда. Мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлган давлатлар сони тобора ортиб бораяпти.


Ҳар қандай ютуқ ва марралар ҳақида сўз борганида, албатта, бу манзилга етиб келгунча босиб ўтилган йўлга бир назар ташланади.
Шу маънода, бугун касб байрамларини юксак меҳнат ғалабалари билан нишонлаётган темирйўлчилар синовли ва машаққатли йўлни босиб ўтди, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Ўтган аср охирида кескин иқтисодий, ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган соҳа истиқлол шарофати билан иқтисодий, ташкилий, ҳуқуқий асос ва ривожланган инфратузилмага эга, халқаро андозаларга тўлиқ мос келувчи, барқарор ва ишончли фаолият юритувчи тизимга айланди. Юртимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар, модернизациялаш жараёнларида ҳал қилувчи соҳалардан бири бўлиб шаклланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 16 та янги темир йўл вокзали бунёд этилди, 10 та вокзал реконструкция қилинди ҳамда йўловчиларга халқаро стандарт ва талаб­лар даражасида хизмат кўрсатиш имконини берадиган замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланди. Бунинг натижасида юк ташиш ҳаж­ми 2,1 марта, йўловчи ташиш ҳажми 2 баробар кўпайди.
Айни кунларда мамлакатимизда бўлаётган ислоҳотларнинг изчил ва собит қадамлари соҳада ҳам сезилмоқда.
Темир йўл фаолиятини ифода этадиган “Одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш” ибораси чин маънода исботини топаётир. Тизимда юк ва йўловчи ташиш бўйича аҳоли талаб ва эҳтиёжлари тўлиқ қондирилиб, ҳар бир корхона ва ташкилот янгича услуб ва механизмлар асосида фаолият юритмоқда. Станциялар орқали юк олиб келувчи ва олиб кетувчи мижозларнинг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйилди. Тадбиркорлар ва темир йўл транспортидан фойдаланувчи ҳар бир фуқаро учун қулай шароит ва имтиёзлар яратилди. Юртимиз аҳолиси ва сайёҳлар учун поездларда юқори сервис хизматлари такомиллашиб бораяпти. Бунинг баробарида йўловчилар сони янада ортмоқда. Саноат корхоналари хориждан келтирилган замон талабига мос техникалар билан таъминлангани сабабли юқори кўрсаткичларга эришмоқда.
“Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси томонидан олиб борилаётган улкан ишлар халқимиз эътирофига сазовор бўлмоқда. Пойтахт ва ҳудудларда барпо этилаётган замонавий ва маҳобатли кўприклар, йўл ўтказгичлар каби иншоотлар нафақат аҳолига қулайлик яратмоқда, балки юртимиз чиройига чирой, кўркига кўрк бағишламоқда.


Халқимиз темирйўлчилар томонидан барпо этилаётган Марказий Осиёда ягона бўлган ер усти ҳалқа метро линияси, халқаро аэропорт, кўркам истироҳат боғлари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва замонавий турар жой қурилишларини кўриб, соҳа ходимларининг бунёдкорлик, яратувчанлик фазилатларига, меҳнатсеварлигига тасанно айтмоқда.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфига “Ўзбеккўмир” ва “Шарғункўмир” акциядорлик жамияти, “Тошкент метрополитени” унитар корхоналарининг бириктирилиши сабабли бугунги кунда тармоқда иш кўлами кенгайган.
Айни кунларда 80 мингга яқин темирйўлчи меҳнат қилаётган соҳада ижтимоий йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳавас қилгудек. Энг муҳими, жорий йилда соҳа ходимларининг ойлик маоши сезиларли ошди, кўп­лаб имтиёзлар жорий этилди. Шунингдек, энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган шифохоналар, поликлиника ва сихатгоҳлар, қолаверса, спорт мажмуалари соҳа ходимларига хизмат қилмоқда.
Соҳада кадрлар масаласи доирасидаги ишлар ҳамиша долзарб ва ижобий натижаларни кўрсатиб келмоқда. Ёш мутахассисларни ишга жойлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида темир йўл соҳаси республикамизда етакчи тизимлардан ҳисобланади.
“Темир йўл борган жойда ўсиш, ривож­ланиш бўлади. Темир йўл борган жой гуллаб-яшнайди”, деган гап аллақачон халқ орасида машҳур иборага айланган. Чиндан ҳам, темир­йўлчиларни чин маънода яратувчилар, мўъжиза яратувчилар, деб атаса бўлади. Бу касб эгалари – камтарин, ўзларига берилган таърифлардан ҳаволанмайдилар. “Бу – бизнинг ишимиз”, дейишади, соддагина қилиб. Аммо меҳнат қилишда, фидойилик кўрсатишда ҳамиша пешқадам.
Халқимиз фаровонлиги ва юртимиз ободлиги, темир йўлларимизнинг янада тараққий этиши йўлида меҳнат қилаётган заҳматкаш темирйўлчиларга ҳар қанча раҳматлар айтса, арзийди!
Эзгулик йўлида ҳеч қачон чарчаманг!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз темирйўлчилар!

Print Friendly, PDF & Email

Arxivlar

Dekabr 2024
Du Se Ch Pa Ju Sh Ya
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031  

Хатолик топдингизми?

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!