ТЕАТР ЖАМОАСИ — ЗАВОДДА
“Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонасида 1-октябрь — Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Унда Маданият ва санъат вазирлиги мутасаддилари, Ўзбекистон Давлат Сатира театри жамоаси ҳамда темирйўлчи фахрийлар, корхона ишчи-ходимлари, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшма Республика Кенгаши вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзолари маданий ҳордиқ чиқаришларини ташкил этиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти мутасаддилари томонидан Ўзбекистон Давлат Сатира театри билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Келгусида тармоқ тасарруфидаги корхона, ташкилот ва ўқув муассасаларида ҳам театр жамоаси ўзларининг чиқишлари билан темирйўлчиларни баҳраманд этишади.
Байрам муносабати билан корхонага ташриф буюрган театр жамоаси ўзининг 31-ижодий мавсумини тантанали очилиш маросимини ўтказди. Унда М. Беҳбудийнинг “Падаркуш ёҳуд, ўқимаган боланинг ҳоли” асари асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш этилди.
— Театрнинг ҳаётимиздаги ўрни, айниқса ёш авлод тарбияси борасидаги аҳамияти катта, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти маданий-маърифий ишлар бўйича масъул ходими Раъно Рахмонова. — Бугунги намойиш этилган саҳна асарининг айрим жойларида мазза қилиб кулсангиз, айрим жойларида қайғу билан кўзингизга ёш келади. Асар шунча йиллар ўтсада ўзининг долзарблигини йўқотмаган. Санъаткорларнинг маҳорат билан ижроси эса ўзингизни воқеалар иштирокчисидек ҳис қилишингизга омил яратади. Театр жамоасидан яна мана шу каби асарларни кутиб қоламиз.
Тадбир сўнггида корхонада кўп йиллар ишлаган бир қатор устоз темирйўлчилар корхона мутасаддилари томонидан рағбатлантирилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: