“ТАРМОҚ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ КУБОГИ” ҒОЛИБИ АНИҚЛАНДИ
“Локомотив” марказий жисмоний спорт клубида “Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши кубоги” мини-футбол мусобақасининг финал учрашуви бўлиб ўтди ва энг кучли жамоа номи аниқланди.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан ташкил этилган мусобақалар икки ой давом этиб, унда барча минтақавий темир йўл узеллари ва тасарруфидаги корхоналарда, бошқарма ҳамда акциядорлик жамиятларида фаолият кўрсатаётган соҳа ходимлари жамоаларга бириктирилиб, гуруҳларга бўлинган ҳолда, қарийб икки мингга яқин ёшлар ғолиблик учун қизиқарли баҳсларга киришишди.
Гуруҳ баҳслари, чорак ва нимчорак ҳамда ярим финал учрашувларидан иборат ўйинлар барча минтақавий темир йўл узелларини қамраб олди. Ҳаваскор темирйўлчилардан иборат жамоалар ҳар бир учрашувга катта тайёргарлик кўриб, фақат ва фақат ғолиблик учун кураш олиб боришди. Ўйинлар республикамизнинг турли ҳудудларидаги барча шароитларга эга футбол майдонларида ташкил этилиши таъминланди. Ҳар бир учрашув эса малакали ва профессионал ҳакамлар томонидан адолатли бошқарилди.
Ўтган ҳафтада ўз ҳудудида ғолиб бўлган олтита жамоа Тошкентга таклиф қилинди. Улар орасидан дастлаб гуруҳ баҳслари, сўнг гуруҳлар ўртасидаги ўйинлар ҳамда чорак ва ярим финалда ғалаба қозониб, финалга йўлланма олган Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ҳамда “Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси жамоаси бош соврин учун баҳс олиб боришди.
Таъкидлаш лозимки, мусобақанинг финал учрашуви “Локомотив” марказий жисмоний спорт клубидаги футбол майдонида ўтди ва ушбу ўйинга клуб раҳбарияти томонидан катта тайёргарлик кўрилди. Узоқ Қорақалпоғистон ҳудудидан келган “Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси ва Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси жамоаларидан иборат ҳаваскор футболчиларга барча шароитлар яратиб берилди. Ўйин майдони ҳам финал учрашувини ўтказишга сифатли тайёрланди. Бу эса финал баҳсини яна ҳам қизиқарли ва муросасиз ўтишини таъминлади. Ҳар бир жамоадан ўн нафардан футболчи иштирок этган учрашув 15 дақиқалик икки бўлимдан иборат бўлди. Клубнинг профессионал футбол ҳаками Асад Расулов томонидан адолатли бошқарилган сўнгги учрашувнинг дастлабки бўлимида иккала жамоа ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатди.
Ғолиблик учун икки жамоа футболчилари ҳам бор маҳорат ва имкониятларини ишга солган ўйинда жисмоний жиҳатдан анча кучли бўлган Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси жамоаси рақибига нисбатан бироз устунлик қилди. Бироқ ўйин тактикаси, тўпни қисқа масофаларда бир-бирига аниқ ошириб бериш ва тўпни назорат қилишда қўнғиротлик футболчилар тажрибалироқ эканлиги билиниб турди. Бу эса ўйинни янада қизиқарли, хавфли вазиятларга бой ўтишини таъминлади. Биринчи бўлимда дарвозага иккита тўп киритилиб, Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармасининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди. Иккинчи бўлимда юртимиз шимолидан келган футболчилар ҳисобни тенглаштириш учун ҳужумга зўр беришди ва рақиб дарвозасига голл уришди: 2:1. Шундан сўнг тезкор қарши ҳужумларда қўнғиротлик футболчилар яна тўп ўтказиб юборишди 3:1. Ўйин якунланишига саноқли дақиқалар қолганда эса, Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси жамоаси рақиб дарвозасига яна битта голл уриб ўйин тақдирини ҳал қилди: 4:1.
Шу тариқа, муросасиз ва кескин курашларга бой ўтган қизиқарли учрашув Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси жамоасининг биринчи ўринни эгаллаши билан якун топди.
–Ушбу мусобақага жамоамиз билан жиддий тайёргарлик кўрган эдик, – дейди, Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси жамоасининг сардори Дилмурод Норматов. – Мақсадимиз биринчи ўринга сазовор бўлиш эди. Шу боис гуруҳ баҳслари, чорак ва ярим финал ўйинларига ҳал қилувчи баҳс сифатида қараб, рақибларни яхши ўрганган ҳолда ҳаракат қилдик. Ғолибликни қўлга киритишимизда ҳимояда кам ҳато қилиб, жисмоний яхши тайёргарлик кўрганимиз бўлди. Ушбу мусобақага ҳар бир жамоа катта тайёргарлик кўргани ўйинлар давомида ҳам билинди. Бу эса ғолиблик учун кучли рақобатни ҳосил қилди. Муҳими, мазкур мусобақа орқали темир йўл соҳасининг турли йўналишларида фаолият кўрсатаётган мутахассислар, ҳамкасбларимиз билан яқиндан танишиб, ўзаро тажриба алмашдик.
Учинчи ўрин учун баҳсда 17-сонли йўл машина станцияси жамоаси “Қарши минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, кучли учликдан жой олди.
Мусобақанинг ёпилиш ва ғолибларни тақдирлаш маросими ҳақиқий байрам тусини олди. Марказий темирйўлчилар маданият саройи хонандаларининг куй-қўшиқлари садосида иштирокчилар тантанали тарзда майдонга чиқиб келишди. Унда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Маҳмуд Розиметов ҳамда Персонални бошқариш ва кадрларни тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Акром Абдуллаев иштирок этди. Улар темир йўл тизимида ишчи-ходимлар орасида спортнинг кўплаб турлари бўйича анъанавий мусобақаларнинг мунтазам ўтказиб борилиши, аввало, соҳа ходимлари орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, қолаверса, касаба уюшма аъзоларини спортнинг футбол турига бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилаётганини айтиб ўтишди.
Тақдирлаш маросимида ушбу мусобақаларнинг республикамиз бўйлаб барча минтақавий темир йўл узелларида ўтказилиб, республикамизнинг чекка-чекка ҳудудларида фаолият кўрсатаётган темирйўлчиларни ҳам қамраб олгани тармоқда ишчи-ходимларни соғломлаштиришда спортнинг аҳамияти ортиб бораётганидан далолат эканлиги эътироф этилди.
Мусобақанинг ёпилиш маросимида олтита жамоа тақдирланди. Дастлаб ўз ҳудудида биринчи ўринни қўлга киритган “Қўқон” ҳамда “Термиз” ва тўртинчи ўрин соҳиби “Қарши минтақавий темир йўл узели” унитар корхоналари жамоалари эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Шундан сўнг учинчи ўрин соҳиби 17-сонли йўл машина станцияси жамоасининг ҳар бир футболчисига медаллар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим этилди. Иккинчи ўринга сазовор бўлган қўнғиротлик футболчилар медаллар ва қимматбаҳо совғаларга эга бўлишди. Ниҳоят мусобақа ғолиби, бош соврин эгаси Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси жамоаси майдонга чиқиб келишди. Футболчиларнинг ҳар бирига медаллар, эсдалик учун қимматбаҳо совғалар ва мусобақа Кубоги тантанали тарзда топширилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: