СОҒЛОМ МЕҲНАТ ШАРОИТИНИ ЯРАТИШ БОШ МАҚСАД
“Ўзбекистон темир йўллари” ДАТКда Халқаро меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан “Компания тасарруфидаги корхоналарда соғлом меҳнат шароитларини яратиш” мавзусида семинар-кенгаш ўтказилди.
Компания Меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги, “Саноатгеоконтехназорат” ДИ, “Ўзбекинвест” суғурта компанияси вакиллари, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши фаоллари, Санитар-эпидемиология станцияси мутахассислари, минтақавий темир йўл узелларининг станция, корхона ва ташкилот мутасаддилари, меҳнат мухофазаси муҳандислари иштирок этишди.
Семинарда сўзга чиққанлар компания тасарруфидаги корхоналарда соғлом меҳнат шароитларини яратиш, қозонхона ҳамда иншоотлар объектларида ишларни хавфсиз ташкиллаштириш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш каби мавзулар ҳақида атрофлича маълумот беришди. Шунингдек, корхоналарда санитар-гигиеник меъёрий талабларнинг бажарилиши, меҳнат муҳофазасининг жамоат назоратини ташкил этиш каби мавзулар хусусида сўз борди. Мутахассислар корхона ва ташкилотларда ишчи-ходимларнинг меҳнат қилишлари учун замонавий талабларга жавоб берадиган, қулай меҳнат шароитларини яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтишди.
— Бошқармамиз томонидан ходимлар меҳнатини муҳофазалаш, бу жараёнда профилактика чораларини кучайтириш масаласига доимий эътибор қаратилмоқда. — дейди компания меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Муроджон Толипов. — Ўтган йиллар давомида меҳнат муҳофазаси масалаларини янада яхшилаш мақсадида бошқарма ҳамда ҳудудий ва тармоқ касаба уюшмалари билан ҳамкорликда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ишини кучайтиришга эътибор қаратилди. Натижада, корхоналарда ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратилиши билан бирга, санитария-гигиена талабларига риоя қилиш, ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олишга эришилмоқда.
Йиғилиш сўнггида компания корхона ва ташкилотларида меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ривожлантиришда, тегишли меҳнат шароитларини яхшилашни таъминлашда ва ишлаб чиқаришда жароҳатланишларнинг олдини олиш тадбирларини мукаммал бажариб келаётган Меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги бошқармаси “Қўқон” МТУ бўйича етакчи муҳандиси Улуғбек Жўраев, “Қўнғирот” локомотив депосидан Батирбай Алламбергенов ҳамда “Олтиариқ” станциясидан Нурмуҳаммад Солиев, “Салар” темир йўл масофасидан Зуҳриддин Файзуллаев, “Ғалаба” станцисидан Шуҳрат Турсунов, Капитал қурилиш дирекцияси “Ангрен-Поп” қурилиши меҳнат муҳофазаси муҳандиси Лазиз Қурбонов “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирланди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: