Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши   Click to listen highlighted text! Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши

САРҲИСОБ ВА РЕЖАЛАР

Тошкент вилоятининг сўлим масканларидан бири ҳисобланган “Хўжакент” масъулияти чекланган жамияти дам олиш маскани анжуманлар залида Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатининг кенгайтирилган сайёр йиғилиши ва семинари бўлиб ўтди. Унда, асосан Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан поёнига етиб бораётган 2016 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда касаба уюшма ташкилотлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш борасида келгусида қилиниши лозим бўлган устувор вазифалар хусусида сўз борди.
Йиғилишда дастлаб мавзу юзасидан Республика Кенгаши раиси Тоирхон Нуриллаевнинг маърузаси тингланди. Нотиқ ўз сўзида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимларидаги қилган маърузаларидан келиб чиқадиган устувор вазифалар, шунингдек, Президентимиз томонидан 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларидан ўз хизмат вазифаларига бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришни, фаолиятни янада такомиллаштиришга қаратилган янгича иш услубларини жорий этиш, фаолиятни фақат юқори ташкилотларга статистик ҳисобот беришдан иборат деб ўйламасдан, иш натижасини бевосита меҳнат жамоаларидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, сабабларини таҳлил этиш, уларни иш берувчилар билан ҳамкорликда вақтида бартараф этиш, меҳнаткашларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш самарасига қараб баҳолашни талаб этмоқда, дея таъкидлади.
2016 йилда амалга оширилган ишлар хусусида сўз борар экан, тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши аппаратида ва ҳамда унинг тасарруфидаги барча касаба уюшма ташкилотларида Федерация Кенгаши томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, иш юритишни тўғри ташкил этиш, касаба уюшма аъзоларининг меҳнатга доир, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишга, молиявий интизомни мустаҳкамлаш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш, бандликка кўмаклашиш борасида талайгина ишлар амалга оширилганлиги айтиб ўтилди.
Республика Кенгаши ва тасарруфдаги касаба уюшма ташкилотлари томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоа шартномалари мажбуриятларини бажариш ҳамда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида ҳам муайян ишлар бажарилди. Жумладан, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандларига ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш, аёлларни ҳомиладорлик ва туғиш таътил кунларини узайтириш, фарзандларининг спорт тўгаракларига қатнашиш харажатларини қоплаш, фарзандлари 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатиш, болали аёлларга иш ҳафтасини 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилаш тадбирлари учун дастурда белгиланган 325 миллион 500 минг сўм ўрнига 443 миллион 353 минг сўм сарфланиб, режа 136 фоизга уддаланди.
Шунингдек, Федерация Кенгаши Раёсатининг “Ҳар бир инсон меҳр-эътибор оғушида” мавзуидаги чора-тадбирларни бажариш бўйича 206 нафар ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар санаторийларда соғломлаштирилди. Бундан ташқари, жамоа шартномалари мажбуриятлари бажарилиши учун фақатгина касаба уюшмалар маблағлари ҳисобидан 6 миллиард 187 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланди.
Шу билан бирга, темир йўл транспорти соҳасидаги кенг қамровли йирик қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда ҳам касаба уюшмалари фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, Ангрен-Поп, Самарқанд-Қарши ва Самарқанд-Бухоро йўналишида ишга туширилган юқори тезликдаги йўловчи поездлар, шунингдек, ҳозирда қурилиш ишлари жадал олиб борилаётган ”Бухоро-Мискин” темир йўл қурилишида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар учун муносиб ҳамда хавфсиз иш ва дам олиш, ётиш ва овқатланиш жойларида санитария-гигиена талабларига риоя қилиш, иш ҳақларининг ўз вақтида берилиши ва уларнинг рағбатлантириб борилиши доимий назоратга олинган. Қурилишларда самарали меҳнат қилиб, бошқаларга ўрнак бўлаётган 310 нафар ишчи-ходимлар 71 миллион сўмлик эсдалик совғалари билан мукофотланди. Мазкур қурилиш объектларида иштирок этаётган корхоналар касаба уюшма ташкилотлари раҳбарларининг мунтазам хизмат сафарлари ва навбатчилиги ташкил этилган.
Якунланаётган йилда тизимдаги корхона ва ташкилотларда 1059 та янги иш ўринлари ташкил қилиниб, ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланди.
Йиғилишда таъкидланганидек, касаба уюшмалари маблағларини кўпайтириш мақсадида, Федерация Кенгаши Раёсатининг қарорлари ва тармоқ касаба уюшмаси Устави талабларидан келиб чиқиб касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан ўрта ва кичик бизнес, сервис хизматлари кўрсатиш корхоналарини ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, яқинда Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Омонхона” бальнеологик маркази қошида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва касаба уюшма бюджети маблағлари эвазига шифобахш сувни қадоқлаш корхонаси ишга туширилиб, 40 нафарга яқин қишлоқ ёшлари иш билан таъминланди.
Йиғилишда қайд қилинганидек, соҳада амалга оширилаётган тадбирларга қарамасдан, қуйи ташкилотларда ташкилий ишлар ҳали тизимли йўлга қўйилмаганига ҳам эътибор қаратилди. Айниқса, кадрлар билан ишлаш, кадрлар захирасини шакллантириш, иш режаларини тузиш ва бажарилишини назорат қилиш, иш юритишни тўғри ташкил этиш, меҳнат ва ижро интизомига риоя қилиш борасидаги ишлар қониқарли деб бўлмайди. Ушбу йўналишдаги ишлар аҳволини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари кўрилиши зарурлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда касаба уюшмалари олдида турган истиқболдаги устувор вазифалар ҳам белгилаб олинди.
Йиғилишда “Ўзбекистон темир йўллари ” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Э.Ш.Кадиров иштирок этди.

Print Friendly, PDF & Email

Arxivlar

May 2024
Du Se Ch Pa Ju Sh Ya
 12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Хатолик топдингизми?

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!