ОРОМГОҲЛАРДА ЁЗ МАВСУМИ БОШЛАНДИ
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги болалар дам олиш оромгоҳларида фарзандларимизнинг ёзги дам олиш мавсуми бошланди.
2019 йилги мавсумда темирйўлчилар ҳамда транспорт қурувчилари ва метрополитен ишчи-ходимларининг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 8 минг нафар ўғил-қизини 4 та навбатда дам олдириш ва соғломлаштириш режалаштирилган.
Эътиборлиси, тармоқ раҳбарияти томонидан бу йилги мавсумга жиддий тайёргарлик кўрилди, барча оромгоҳлар темирйўлчи фарзандларининг мароқли дам олиши учун шай ҳолатга келтирилди. Шинам турар жойлар, дам олиш ва овқатланиш хоналари, қизиқарли адабиётлар, газета ва журналларга бой кутубхона, чўмилиш ҳавзаси ҳамда турли спорт майдончалари болажонлар ихтиёрида. Сўлим табиат қўйнида жойлашган оромгоҳларда фарзандларимиз учун барча шарт-шароитлар юқори савияда ташкил этилган. Бу эса ўқувчи ёшларнинг мароқли дам олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, спорт билан шуғулланиши, ўз қизиқиши, лаёқати бўйича билим ва кўникмаларини ошириши учун яна бир имконият яратди.
7 июнь куни “Қибрай” оромгоҳида, 10 июнь куни эса “Қўнғирот” санаторий-профилакторийсида болажонлар учун ёзги таътилнинг биринчи навбати бошланди. 14 июндан “Янги авлод”, “Дўстлик”, “Темирйўлчи”, 15 июндан “Коинот” ҳамда “Аловиддин” оромгоҳларида мавум бошланади.
“Янги авлод” оромгоҳида режага кўра 4 та навбатда соҳа ходимлари фарзанларининг 800 нафари соғломлаштирилса, биринчи навбатга 200 нафар бола жалб этилади.
“Қўқон минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасига қарашли “Темирйўлчи” ёзги болалар оромгоҳида ҳам болажонларнинг таътил даврида мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун шарт-шароитлар юксак даражада ташкил этилди.
Оромгоҳ Наманган вилоятининг Поп тумани Чодак қишлоғида жойлашганлиги сабабли ҳам ҳавоси салқин, иқлими мўътадил. Масканнинг чўмилиш ҳавзалари, сунъий қопламали мини-футбол, волейбол майдонлари, катта шахмат майдони ҳамда ўйингоҳлари мавжуд. Оромгоҳда алоҳида кутубхона ва маънавият хоналари ташкил этилган бўлиб, турли бадиий, маънавий, эртак ва илмий-маърифий китоблар билан бойитилган. Бу ерда 1-навбатда 220 нафар бола дам олади, 2-навбатда эса 300 та, 3-навбатда 280 та болажон мавсумни мароқли ўтказади. Улар учун рассомлик, рақс, ҳайкалтарошлик, ёш китобхон, ёш сайёҳлар, рус тили ва инглиз тили тўгараклари фаолият юритади. Шунингдек, спортнинг футбол ва теннис ҳамда “Қувноқ стартлар”, “Қувноқ экспресс” каби спорт мусобақалари, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда интеллектуал ўйинлар ўтказилиши режадлаштирилган.
“Андижон механика заводи” шўба корхонаси тасарруфидаги “Аловуддин” болалар дам олиш оромгоҳи Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги сўлим гўшада жойлашган. Бу йилги мавсумда оромгоҳда 4 та навбатда 800 нафар темирйўлчи фарздандларини дам олдириш режалаштирилган.
Болажонларнинг мароқли дам олиб, ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадида оромгоҳ бутунлай янгитдан қурилди. Бунинг учун “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбариятининг 2017 йил 30 июндаги буйруғига кўра, 2017-2019 йиллар давомида оромгоҳни тўлиқ реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Ўтган вақт давомида темирйўлчилар томонидан бу ерда кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилди, оромгоҳ қайтадан бунёд этилди.
Тошкент шаҳридан қарийб юз километр узоқликда, пойтахт вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Бурчмулло” дам олиш оромгоҳида эса 22 июндан болажонлар қабул қилинади. Ушбу оромгоҳ нафақат темир йўл тизимининг, балки республикамизнинг энг кўркам, сўлим гўшада жойлашган ҳудудларидан. Денгиз сатҳидан 960 метр баландликдаги тоғлар бағрида жойлашган масканда мавсум тараддуди сифатли ниҳоясига етди. Оромгоҳ раҳбари Алишер Юсупходжаевнинг таъкидлашича, 1-мавсумда темирйўлчи фарзандларининг 320 нафари ҳордиқ чиқаради, жами 4 мавсумда эса 1280 нафар болажонни дам олдириш режалаштирилган. Бу ерда ҳам ҳар йили мавсум олдидан болаларнинг кўнгилли дам олишларини ташкил этиш мақсадида барча чора-тадбирлар амалга оширилади. Бунинг самараси ўлароқ, айни пайтда шинам ётоқхона, ошхона, концерт зали, сузиш ҳавзаси, маънавият ва маърифат хонаси, турли тўгараклар, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари ва кутубхона дам олувчилар учун муҳайё қилинган.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: