ОРОМГОҲЛАРДА КИТОБХОНЛИК ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИЛМОҚДА
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги ёзги дам олиш оромгоҳларида соғломлаштирилаётган соҳа фарзандларини кўнгилдагидек дам олишларини ташкил этиш мақсадида турли спорт мусобақалари ҳамда маданий ва маънавий тадбирлар ҳам мунтазам ташкил этилмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тасарруфидаги Марказий кутубхона томонидан “Бурчмулла” оромгоҳида “Энг зукко китобхон” викторинаси ўтказилди.
Жорий йил ёз мавсумида ушбу дам олиш масканида 960 нафар 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болажонларнинг дам олиши режалаштирилган. Айни пайтда эса бу ерда мавсумнинг 1-босқичида соҳа ходимларининг 300 нафар фарзанди соғломлаштирилди.
— Оромгоҳларда келажагимиз эгаларининг маънавий онгини шакллантириш, уларнинг китобга бўлган меҳрини ошириш мақсадида турли тадбирлар ташкил этилмоқда, – дейди Марказий кутубхона директори Дилафрўз Каримова. – “Бурчмулла” ҳамда “Қибрай” болалар оромгоҳида ўтказилган “Энг зукко китобхон” викторинасида 7 ёшдан 10 ёшгача бўлган ўғил-қизлар фаол иштирок этишди. Саволларга тўғри ва тез жавоб берган иштирокчиларга қизиқарли китоблар совға қилинди.
Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёш ўғил-қизлар ўртасида китобхонликка қизиқишни уйғотиш, китоб ўқиш маданиятини ривожлантириш, болаларнинг билимини янада оширишдан иборатдир.
Худди шундай тадбир пойтахт вилоятида жойлашган “Қибрай” оромгоҳида ҳам ташкил этилди. Болалар шоири Раим Фарҳодий ҳамда “Булоқча” болалар журнали ижодкорлари билан қизиқарли учрашув ўтказилди. Темирйўлчи фарзандлари шоир ижоди ва журнал ижодкорлари билан яқиндан танишдилар. Шу билан бирга, “Булоқча” болалар журнали ижодкорлари томонидан “Табиат болалар нигоҳида” мавзусида расмлар танлови ҳам ўтказилди.
Тадбир давомида болажонлар “Китоб — ақл чироғи” мавзусида ўтказилган китоблар кўргазмаси, қизиқарли викториналар, “Китоб — менинг дўстимдир” мавзусида ташкил этилган расмлар танловида ҳам фаол иштирок этишди. Таниқли шоирларимиз шеърларини ёддан айтиб, ўзларининг китобга, адабиёт ва шеъриятга бўлган қизиқишларини намойиш қилишди.
Белгиланган шартлар бўйича фаол иштирок этган болаларга китоблар совға қилинди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: