Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши   Click to listen highlighted text! Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши

ОНА ТИЛИМИЗ — ФАХРИМИЗ, ҒУРУРИМИЗ

Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари Республика Кенгаши тасарруфидаги Марказий кутубхонада 21 октябрь – мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан “Она тилимиз – фахримиз, ғуруримиз!” мавзусида тадбир ўтказилди.
Унда кутубхона ходимлари ҳамда Тошкент темир йўл муҳандислари институти қошидаги 1-Миробод академик лицейи ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди. Тадбирда Маънавият тарғибот маркази Тошкент шаҳар бўлими масъул ходими Баҳодир Ҳайитматов сўзга чиқиб, тил миллатнинг ажралмас белгиси ва давлат мустақиллигини ифодаловчи жиҳатлардан бири эканлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлашга эътибор қаратилган бўлиб, унда аввало, республикамизнинг давлат тили ўзбек тили эканлиги қайд этилганини эътироф этди.
Тадбирда таъкидланганидек, 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди ва шу орқали ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Ўзбек тилининг мамлакатимиз ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари ушбу қонун билан белгилаб қўйилди.
–Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, гарчи ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 27 йил бўлган бўлса-да, она тилимиз минг йиллар давомида шаклланиб, сайқалланиб келмоқда, – дейди Тошкент темир йўл муҳандислари институти қошидаги 1-Миробод академик лицейининг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Назира Содиқова. – Боболаримиздан мерос бўлиб қолган она тилимизнинг ривожланишида буюк аждодларимиз шеърият мулкининг султони Алишер Навоий, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби тарихий шахслар ўзларининг бетакрор асарлари билан катта ҳисса қўшишди. Бизнинг асосий вазифамиз эса она тилимизни ҳозирги ва келажак авлодга софлигича етказишдан иборатдир. Бунинг учун ёш авлодни ўзбек тилига ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаб, она тилимизни мукаммал ўрганишлари учун фидойилик билан фаолият кўрсатишимиз зарур.
Тадбирда сўзга чиққанлар давлат тилининг барча расмий иш юритишда тўғри ва тўлалигича қўлланилишига алоҳида тўхталиб ўтишди. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақидаги қонунига кўра, мамлакат ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг давлат, жамоат идоралари ва ташкилотларига иш юзасидан таклиф, ариза ҳамда шикоят билан давлат тилида мурожаат этиш ва жавоб олиш ҳуқуқи таъминланади. Шундай экан, давлат тилини ўрганиш тараққиётимизга хизмат қилиб, миллий ўзлигимизни англаш ва маънавий юксакликка эришишимизнинг муҳим кафолатидир.
–Тадбирда она тилимизнинг ўтмиши ва мустақиллик йилларида ҳукуматимиз эътибори билан юксалиб бораётгани ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлдик, – дейди 1-Миробод академик лицейининг физика-математика факультети 78-гуруҳ ўқувчиси Сардорхўжа Тўхтахўжаев. – Шунингдек, буюк шоир Алишер Навоий ва шоҳ Ҳусайн Байқаро ҳаёти ҳамда фаолияти ҳақида тайёрланган саҳна кўринишларини намойиш этиб, шеър ва ғазалларини ижро этдик. Қувонарлиси, мазкур тадбир сабаб кутубхонага аъзо бўлиб, янги келтирилган бадиий ва илмий асарлар билан яқиндан танишдик.
Тадбир сўнггида ўқитувчи ва ўқувчилар томонидан Алишер Навоий ғазаллари ҳамда шоира Ҳалима Худойбердиева шеърларидан намуналар ўқилди, уларнинг мазмун-моҳияти таҳлил этилди. Марказий темирйўлчилар маданият саройининг “Ниҳол” ансамбли томонидан Навоий ғазалига басталанган куйларнинг жонли ижроси эса барчанинг кўнглидан жой олди.
sam_2551

Print Friendly, PDF & Email

Arxivlar

Aprel 2024
Du Se Ch Pa Ju Sh Ya
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930  

Хатолик топдингизми?

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!