МЕҲРУ ОҚИБАТ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНДИ
Наврўз байрами умумхалқ сайли сифатида “Йўлрефтранс” акциядорлик жамиятида ҳам кенг нишонланди.
Тадбирда сўзга чиққан корхона раҳбари Камолиддин Юлдашев давлатимиз раҳбарининг “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан ушбу байрам барча жойларда кўтаринки тарзда ўтказилаётгани юртимизда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни ушбу анъаналарга эҳтиром руҳида тарбиялашга эътибор қаратилаётганининг ёрқин ифодаси эканлигини таъкидлади.
Байрамга баҳорнинг сумалак, ҳалим ва бошқа неъматлари билан безатилган дастурхонлар тадбирга ўзгача файз киритди.
Корхона хотин-қизлари томонидан миллий урф-одатларимизни ўзида ифодалаган лапар ва алла айтиш, келин салом каби саҳна кўринишлари, болажонларнинг варрак учиришлари тадбир иштирокчиларига ўзгача завқу шавқ улашди.
Тадбир доирасида корхона қошидаги спорт тўгаракларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Турли миллий спорт ўйинлари беллашувлари ўтказилди. Ғолибларга байрам совғалари топширилди.
– Бу йил Наврўзга бағишланган маънавий-маърифий тадбиримиз ҳақиқий халқ сайлига айланиб кетди, – дейди корхона маънавий-маърифий ишлар бўйича мутахассиси Зухра Баратова. – Байрам муносабати билан, энг аввало, кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар берилди. Корхонада ўтказилаётган мана шундай тадбирларда ёшларимиз жуда фаол қатнашаётгани қувонарли ҳолдир. Қолаверса, кўтаринки руҳда ўтган байрам тантанаси корхона ишчи-ходимлари орасида ҳурмат-эътиборни янада яқинлаштирди, кайфиятларини орттириб, ғайрат-шижоатга ундади.
Байрамда иштирок этган Марказий темирйўлчилар маданият саройи санъаткорларининг Ватан, кўкламни, бахтиёр болаликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари барчага ўзгача завқ улашди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: