МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИГА БАҒИШЛАНДИ
Маълумки, 2017 йилнинг 30 январида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг “2017 йилда меҳнат муҳофазаси бўйича илғор тажриба мактабларини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи асосида меҳнат муҳофазаси, электр ва саноат хавфсизлигига оид меъёрий талабларнинг бажарилишини ташкил этиш тизимини яхшилаш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва бошқа турли зарарланишларнинг олдини олиш, жамият корхоналарида илғор тажриба алмашиш, технологик жараёнларнинг бажарилишида техника хавфсизлиги талабларининг таъминланишини кучайтириш ишлари амалга оширилмоқда.
Барча минтақавий темир йўл узелларида семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда. Жорий йилнинг 15 ноябрь куни 164-сонли йўл машина станциясида навбатдаги семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Унда меҳнат муҳофазаси ҳамда саноат хавфсизлиги ҳолати, жамият тасарруфидаги корхона ва муассасалардаги меҳнат муҳофазаси, техника ва саноат хавфсизлиги, “Қўқон минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасига қарашли корхоналарда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича бажарилган ишлар таҳлили каби бир қатор масалаларга бағишланган ҳисоботлар тингланди.
– Бундай семинар-тренинглар ишчи-ходимларнинг билимини янада оширибгина қолмай, меҳнат муҳофазаси бўйича ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан илғор тажриба мактабларининг шаклланишига замин яратади, – дейди, 164-сонли йўл машина станцияси бошлиғи И.Кучкаров.
Шунингдек, “Қўқон минтақавий темир йўл узели” унитар корхоналарида санитария-гигиена меъёрларига риоя қилиш таҳлили бўйича маъруза ҳам тингланди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Семинар доирасида “Темир йўлларни тубдан таъмирлаш ва темир йўл панжараларини қўйиш жараёнида кранлардан хавфсиз технологик талаблар асосида фойдаланиш, чалка ва траверслардан хавфсиз фойдаланиш” мавзусида амалий машғулот ҳам бўлиб ўтди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: