Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши   Click to listen highlighted text! Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши

МАҲОБАТЛИ КЎПРИКЛАР ИНСОН МАНФААТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Мустақил тараққиётимизнинг ўтган йигирма беш йили давомида мамлакатимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишларининг кўлами ва миқёсини тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Миллий меъморчилик ва замонавий архитектура анъаналарини ўзида мужассам этган муаззам майдонлар, кенг ва равон йўллар, кўркам уй-жойлар, ижтимоий объектлар шаҳару қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. Айниқса, бу эзгу ишларда катта меҳнат, тажриба ва малакасини ишга солиб ҳисса қўшаётган темирйўлчиларнинг ҳиссаси беқиёсдир. Соҳа ходимлари эришаётган ютуқларни сарҳисоб қилганда, тизимда кўприксозлик соҳасининг шаклланганини эътироф этиш лозим бўлади.
Бугун “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси томонидан барпо этилаётган маҳобатли кўприклар пухта лойиҳа ва ечимлар, кўприксозликда ишлатиладиган бетакрор анъаналар асосида қуриб битказилиб, иқтисодиётимизни ривожлантириш, халқимиз узоғини яқин қилишга хизмат қилмоқда.
Корхона томонидан яқин 10 йил давомида қурилган энг катта иншоотлардан бири – Амударё узра барпо этилган муҳташам кўприкдир. Шунингдек, “Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон” темир йўлида кўприксозларимиз томонидан 70 дан ортиқ сув ўтказиш трубалари, 42 та кўприк барпо этилди. Япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда 5 та улкан металл конструкцияли кўприк қуриб битказилди.
Бундай йирик ва мураккаб лойиҳалар корхонанинг моддий-техник базасини такомиллаштиришни тақозо этади, албатта. Шу мақсадда кўприк қуриш ишинини яна сифатли, замон талабларига мос мустаҳкам барпо этиш учун хориждан янги техникалар келтирилди, мавжудлари модернизациялаштирилди. Бунинг самарасида, корхона турли ечимлардаги кўприклар ва бошқа иншоотларни барпо этиш қувватига эга бўлди.
Моҳир ва ўз ишининг устаси бўлган кўприксозларимиз саъйи-ҳаракатлари билан Ангрен-Поп янги электрлаштирилган темир йўл линиясида қад ростлаган 15 та муҳташам, ғоят мураккаб муҳандислик иншоотлари, умумий узунлиги қарийб 2,5 метр бўлган 15 та кўприк ва 6 та йўл ўтказгич, қурилган кўприклар орасида Марказий Осиёда ягона ҳисобланган, узунлиги 500 метр, баландлиги 57 метр бўлган ёйсимон кўринишдаги кўприк замонавий муҳандислик иншоотлари қуриб битказилди.
Халқимизнинг кўприксозларимизнинг бутун юртимиз бўйлаб амалга ошираётган ишларини алоҳида эътирофга сазовор бўлаётган бўлса, уларнинг пойтахтимиз чиройига чирой қўшаётган бунёдкорликларига юксак баҳо бермоқда. Тошкент шаҳрининг транспорт инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун янада қулай шароитлар яратаётган бу заҳматкаш қурувчилар қурган – Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтадиган янги кўприк дунёнинг саноқли давлатларидагина мавжуд. Ҳозирда мазкур кўприк туфайли автомобиллар қатнови ортиб, тирбандликлар бартараф этилган, энг муҳими йўловчилар хавфсизлиги таъминланган.

Шу кунларда фойдаланишга топширилиш арафасида турган яна бир иншоот, пойтахтимизнинг Муқимий ва Шота Руставели кўчалари кесишмасида бунёд этилган баландлиги 7,5 метр ва кенглиги 22 метр, узунлиги эса 960 метр бўлган ёйсимон йўл ўтказгич, энг улуғ, энг азиз байрамимиз – мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига муносиб туҳфа бўлмоқда.
Кўприк қуриш – масъулиятли, мураккаб иш. Аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулай имконият яратиш катта меҳнатни талаб этади. Бир сўз билан айтганда, корхонада иш кўлами катта. Шу ўринда мана шундай машаққатли қурилишларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ижтимоий шароитлари қандай бўлмоқда, деган савол туғилади.
Бу ишда масъул бўлган корхона касба уюшма қўмитасининг иши билан танишгач, кўприксозлар учун зарур меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш, сиҳат-саломатлигини муҳофаза қилиш корхона раҳбарияти ва касаба уюшма қўмитаси фаолларининг доимий диққат-эътиборида эканлигининг гувоҳи бўлдик. Қаерда ижтимоий ҳимоя яхши бўлса, иш самарадорлиги ошишини, энг муҳими, инсон манфаатлари ҳамиша энг биринчи масала эканлигини яхши биладиган корхона мутасаддилари “меҳнатга яраша рағбатни” ҳам яхши ташкил этишган.
Ишчи-ходилар меҳнати, иқтисодий-ижтимоий манфаатларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш, қулай иш шароитларини яратиш, меҳнатга ҳақ тўлаш, соғломлаштириш, болалар оромгоҳлари фаолиятини ташкил этиш, ҳомийлик, спорт, маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш борасидаги вазифаларимизни самарали ташкил этиб келмоқдамиз, — дейди Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Байрам Абдуллаев. — Айниқса, жорий йил “Соғлом она ва бола йили”да ишларимиз кўлами янада кенгайди. Йил бошида Тошкент вилояти, Қибрай туманида 37 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига, ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош шаҳридаги болалар уйининг 20 нафар тарбияланувчиларига ҳомийлик ёрдами берилди. Жами 57 нафар болалар уйи тарбияланувчисига кийим-кечаклар улашилди. Шунингдек, давлат дастури доирасида корхона хотин-қизлар қўмитаси ва бирлашган қўмитаси билан биргаликда домий равишда тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.
Ҳар йили ёз мавсумида темирйўлчилар фарзандларини соғломлаштириш ва дам олишларини ташкил этиш мақсадида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу йил корхона томонидан ёз мавсумида ишчи-ходимларининг 110 нафар фарзанди таътил даврида болалар оромгоҳларида соғломлаштирилди. Шунингдек, Орол бўйи ҳудудида меҳнат қилаётган 14-Кўприкқурилиш отряди темирйўлчиларининг ва Хоразм темир йўл қурилиш УК ходимларнинг 54 нафар фарзанди корхона ҳисобидан “Қибрай” болалар оромгоҳида бепул соғломлаштирилишига эришилди. Ёз мавсуми давомида корхона ишчи-ходимларининг 110 нафар фарзандлари “Қибрай”, “Бурчи-мулло” ва “Янги авлод” оромгоҳларида мароқли ҳордиқ чиқарди.
Эътироф этиш жоизки, қўмита аъзолари ёз мавсуми давомида “Қибрай” болалар оромгоҳига бориб тадбирлар ташкил этишди ва 30 нафар соха ходимларининг фарзандларига санитария-гигиена буюмлари тақдим этилди. Шунингдек, ўқув йили бошланиши муносабати билан Орол бўйида жойлашган 14-Кўприкқурилиш отряди ва Хоразм темир йўл қурилиш УК ходимларнинг 54 нафар фарзандларига ўқув қуроллари олиб берилди.
Б.Абдуллаевнинг таъкидлашича, касаба уюшма қўмитаси корхона раҳбарияти билан биргаликда доимий равишда меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича назорат ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ишчиларга мавсумий махсус кийим-кечак, оёқ кийим ва ҳимоя воситалари билан таъминланмоқда.
Юқорида таъкидлаган сўзимизни яна бир бор эслатсак, фойдадан холи бўлмайди – ишчи-ходимларга эътибор ишда катта самара беради. Ҳар бир киши ўзининг, оиласи, фарзандининг яшаш шароити яхши, соғлиғи жойида бўлса, вақтида рағбатлантирилса, ишида унум бўлади, ғайрат-шижоат билан ишлайди. Балки шу сабаб, кўприксозларимиз барпо этаётган иншоотлар мустаҳкам, чиройли ва маҳобатлироқдир. Энг муҳими, меҳнати билан рағбат ва раҳмат топаётган, ҳамиша эътибор ва ижтимоий ҳимояда бўлиб келаётган қурувчиларимиз ҳали ўнлаб замонавий кўприклар, кўркам иншоотлар қуришни кўзламоқдалар.

Print Friendly, PDF & Email

Arxivlar

Dekabr 2024
Du Se Ch Pa Ju Sh Ya
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031  

Хатолик топдингизми?

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!