КЕКСАЛАР ДОИМО ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМДА
Кексаларга иззат-икром кўрсатиш халқимизга хос эзгу қадриятлардан бири бўлиб, улуғ мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни уларнинг маслаҳати ва дуолари билан бошлаймиз, нуронийларимизнинг бой ҳаётий тажрибаларига таянамиз. Мана шу азалий анъана, олижаноб фазилат бугун давлатимиз сиёсатида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Истиқлол шарофати билан мамлакатимизда инсон қадр-қиммати юксалди. Айниқса, кексаларимизга кўрсатилаётган юксак эҳтиром ҳамда ғамхўрлик давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бугун қайси бир нуроний билан мулоқотда бўлмайлик, ҳозирги дориламон кунларга шукроналар айтади.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан кекса темирйўлчиларни ижтимоий ҳимоялаш ва саломатликларини мустаҳкамлаш йўлида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимида кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, бугунги кунда қарилик гаштини сураётган 30 нафар меҳнат фахрийларига 6 май куни кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди.
“Темир йўл касаба сервис” МЧЖ билан ҳамкорликда ташкил этилган саёҳат “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездида ташкил этилди. Меҳнат фахрийлари Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор масканлари ва зиёратгохларида бўлишди. Саёҳат аввалида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрларини зиёрат қилишди. Шундан сўнг Имом ал Бухорий, Гўри Амир, Регистон каби зиёратгоҳлар, мустақиллик йилларида бунёд этилган гўзал иншоотларга ташриф буюришди. Кўнгилли саёҳат нуронийларга олам-олам қувонч бағишлади.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: