КАСАБА УЮШМАСИ РАМЗИ ТАСДИҚЛАНДИ
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмасининг рамзи 2016 йил 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 320-сонли буйруғи асосида Давлат рўйҳатидан ўтказилди.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси рамзи Ўзбекистон Республикаси харитаси шаклида бўлиб, ундаги қора узуқ чизиқларда мамлакатимизда ягона темир йўл тизими ташкил этилганлиги акс этган. Хаританинг чап қисмида 6 нафар инсон боши ва елкаси айлана шаклида жойлашган бўлиб, айлананинг ички қисмида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг белгиси тасвирланган. Бу эса касаба уюшмасининг иш берувчи билан ижтимоий шерикчилик ва ҳамкорлик асосида елкама-елка туриб темирйўлчилар, транспорт қурувчилари ва метрополитен ходимларининг меҳнатга доир ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш, шунингдек, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигини таъминлаш, соғломлаштириш борасида ўзаро манфаатли фаолият юритишларини ифодалайди.
Мазкур рамздан фойдаланишга бўлган барча ҳуқуқлар мутлақ тармоқ касаба уюшмасига тегишли бўлиб, ундан касаба уюшмасининг гувоҳнома, муҳр ва штампларида, расмий бланкаларида, вимпел ва дипломларида, фахрий ёрлиқларида, эсдалик нишонлари ва рағбатлантирувчи совғаларида, шунингдек, касаба уюшмалари томонидан ташкил этиладиган турли хил маданий-маърифий ва спорт тадбирларидаги кўргазмали плакатлар, баннерларда ҳамда касаба уюшмаси манфаатларига мос келувчи бошқа ҳолларда фойдаланилади.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: