Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши   Click to listen highlighted text! Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши

Касаба уюшмалари мустақиллик йилларида Темирйўлчилар манфаати мустаҳкам ҳимояда

Тараққиёт ва бунёдкорлик тинчлик ҳукм сурган юртгагина хосдир. Танлаган йўли ва ўз олдига қўйган мақсади сари оғишмай дадил қадам ташлаётган халқимиз амалга ошираётган ишларга назар ташлаб, шуни англаш мумкин: Ўзбекистон ўзининг залворли одимлари билан дунёни лол қолдирмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз, ҳеч бир муболағасиз, улкан қурилиш майдонига айланди. Буни «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик темир йўл компанияси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Чунончи, иқтисодиётнинг «қон томири» ҳисобланган темир йўл тармоғида янги-янги линиялар қурилиб, ҳаракат таркиби сифат жиҳатдан ­мустаҳкамланди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида бунёд этилган ­Навоий-Учқудуқ-Султон Увайстоғ-Нукус темир йўл линияси, Хоразм вилоятида Амударё узра қурилган автомобил-темир йўл кўприги, Тошгузар-Бойсун- Қумқўрғон темир йўл линияси бир бутунлик касб этиб, ҳудудларни жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Денгиз сатҳидан 1800 метр баланд­ликдаги Ҳисор тоғ тизмаларини кесиб ўтган, узунлиги 223 километрни ташкил этувчи Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон янги темир йўли нафақат Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларини, балки ушбу воҳани пойтахтимиз ва юртимизнинг бошқа ҳудудлари билан ҳам боғлади. Энг муҳими, локомотивларимиз Сурхондарё вилоятига юрт ҳудудидан чиқмай борадиган бўлди.

Бундан 5 йил олдин муҳим тарихий воқеа рўй берди. Испаниянинг «Patentes Talgo» компаниясидан юқори тезликда ҳаракатланувчи «Afrosiyob» электропоезди келтирилди. Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари орасидаги йўл инфратузилмаси жаҳон талаблари даражасига мослаштирилди. Истиқлолимизнинг 20 йиллик байрами арафасида эса мазкур учқур поезд ўзининг илк қатновини амалга оширди.

Эътироф этайлик, бир пайтлар бундай замонавий, соатига 250 километр тезликда ҳаракатланадиган поездларнинг заминимизда юриши, ундан халқимизнинг фойдаланишини кўпчилик тасаввурига ҳам сиғдиролмасди. Кези келганида эслатиб ўтишимиз лозимки, бундай поезд дунёнинг атиги саккизта давлатида бор. Зеро, бу нафақат темирйўлчиларимизнинг, балки бутун халқимизнинг беқиёс улкан ютуғидир.

Бугунги кунда мамлакатимизда юкларнинг 70, йўловчиларнинг 60 фоиздан ортиғи темир йўллар орқали ташилмоқда. Юқори тезликда ҳаракатланувчи «Afrosiyob» поездлари ҳаракати йўлга қўйилгандан бери эса 1 миллиондан зиёд йўловчи ушбу замонавий транспорт воситаси хизматидан фойдаланди.

2016 йилнинг 22 июн куни давлатимиз раҳбари Ислом ­Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирокида Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўлининг очилиши билан Ўзбекистонда ягона, мустақил миллий темир йўл транспорти коммуникация тизими тўла шаклланди.

Миқёси ва кўламига кўра жуда улкан ва мураккаб бўлган мазкур замонавий лойиҳа атиги 32 ой ичида, белгиланган муддатдан аввал якунлангани мамлакатимиз темир­йўлчиларининг юксак малакаси ҳамда ғайрати шижоатидан дарак беради.

Темирйўлчиларимиз томонидан Самарқанд  — Бухоро участкасида юқори тезликда ҳаракатланадиган электр поездлари қатновини йўлга қўйиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган даврда узунлиги қарийб 250 километрлик йўлнинг 140,2 километрлик Мароқанд — Навоий участкаси янгидан қурилди. Навоийдан Бухорогача бўлган пўлат излар соатига 160 километр тезликдаги ҳаракатланишга мослаштирилди. Пиёдалар ўтиш йўлаги, йўл ўтказгич, кўприк ва станциялар сингари икки юз йигирмадан зиёд иншоот қурилди.

Самарқанд — Бухоро участкасининг электрлаштирилиши ва юқори тезликдаги йўловчи поездлар ҳаракатининг йўлга қўйилиши натижасида Тошкентдан Бухорогача бўлган 620 километрлик масофани 3 соату 30 дақиқада босиб ўтиш имконияти юзага келади.

Бугун ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида рўй бераётган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий янгиланишлар озод ва обод, эркин ва фаровон давлатимизнинг янада гуллаб-яшнашига хизмат қилмоқда, албатта.

Янгидан-янги имкониятлар эшигини очиб бераётган улкан бунёдкорлик ишларида касаба уюшмалари ҳам иш берувчилар билан елкама-елка туриб, кечаю-кундуз меҳнат қилаётган минглаб ишчилар аҳволидан хабардор бўлиш, уларга қулай ва хавфсиз иш ва яшаш шароитларини яратиш, илғор­ларни рағбатлантириш ишларига муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши тизимида 6 та ҳудудий, 2 та бирлашган, 142 та бошланғич касаба уюшма ташкилотлари мавжуд бўлиб, ижтимоий шериклик тамойиллари асосида, тармоқ келишувлари ва жамоа шартномалари орқали ишчи-ходимларнинг меҳнатга доир ҳуқуқ ва манфаатлари изчил  ҳимояланмоқда. «Ўзбекистон темир йўллари» акция­дорлик жамияти бош­қаруви билан Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида тармоқ келишуви тузилган. Унда ишчи-ходимларга қулай меҳнат шароитлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш, бандлик ва ижтимоий кафолатлар ўрнатиш бўйича мажбуриятлар белгиланган.

Маълумки, касаба уюшмалари фаолиятида меҳнат қонунлари ва жамоа шартномалари ижросини назорат қилиш, ишчи-ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб шароитларда меҳнат қилишлари ва саломатликларини тиклашларига кўмаклашиш, ташаббус ва изланишларини рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этади. Ўтган даврда тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан бу борада бир қатор ишлар бажарилди. Соҳа ходимларининг ижтимоий-ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси талабларини жорий қилиш, темирйўлчилар ва уларнинг оилалари ўртасида ­соғлом турмуш тарзини қарор топтириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Меҳнатни муҳофаза қилиш борасида иш берувчилар томонидан ходимларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиб берилиб, ходимлар тармоқ меъёрлари талаби даражасида махсус кийим-бош, пойабзал ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаб келинмоқда.

Эътироф этиш керакки, ўтган йил давомида тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши, ҳудудий касаба уюшма қўмиталари томонидан темирйўлчилар ва уларнинг оилаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятимизнинг муҳим бўғини бўлмиш оила институтини мустаҳкамлаш, ёш оилаларни рағбатлантириш, темирйўлчилар фарзандларини соғломлаштириш, ишчи-ходимларнинг меҳнат ва маиший шароитларини яхшилаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга устувор вазифалар қатори узлуксиз эътибор қаратилди. Корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигини оқилона йўлга қўйиш чора-тадбирлари кўрилди.

Касаба уюшмалар ҳаракат бирлигини ­мустаҳкамлаш ва ходимларнинг меҳнатга доир, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада юқори босқичга кўтариш мақсадида жамият корхоналарининг тузилишига монанд-мос равишда касаба уюшмалари ташкилий тузилмасига ўзгаришлар киритилиб, янги ташкилотлар Республика кенгашига бириктирилди ва шу кунларда улар жойларда ҳар қачонгидан кўра ташаббускорлик билан фаолият кўрсатмоқда.

Касаба уюшмаси ташкилоти раҳбари ишчи-ходимлар талаб-эҳтиёжларини, орзу-умидларини, қувонч-ташвишларини, шунинг­дек, мамлакат, минтақа, тармоқ, ҳар бир корхонанинг ишлаб чиқариш, меҳнат, ижтимоий муаммоларини олдиндан кўра билиши керак. Шунингдек, касаба уюшмаси етакчиси ўз аъзоларини ўз теварагига жипс­лаштирибгина қолмай, балки бир-бири билан ўзаро боғлиқ муаммолар мажмуасининг ечими, касаба уюшмаси фаолларини ва  ижтимоий шериклари, нималар қизиқтириши, уларнинг хатти-ҳаракати ва хоҳишини ҳам билиши лозим. Бозор иқтисодиёти даврида касаба уюшма ташкилоти раҳбарига бутунлай янги талаблар қўйилаётгани нечоғлик муҳимлигини тушунган ҳолда Республика кенгаши томонидан касаба уюшма ташкилотлари раҳбарлигига билимли, теран фикрли, инсонпарварлик ва одам­охунлик фазилатига эга бўлган, жамоа учун масъулиятни ўз зиммасига ола биладиган ёшларни жалб этиш сиёсатини изчиллик билан амалга ошира бориб, аъзо ташкилотлар билан биргаликда кадрлар таркибини янгилаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилди. Натижада, касаба уюшма ташкилотлари соҳа хусусиятларини яхши тушунадиган, ташаббускор, ташкилотчилик қобилиятларига эга, билимли, обрўли ёш йигит ва қизлар билан мустаҳкамланди.

Касаба уюшма фаолларини тарбиялаш, уларни ўқитиш ва малакасини ошириш масалалари ҳам доимо эътиборда. Шунингдек, иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш, бандликка кўмаклашиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар ва улар оила аъзоларини сифатли соғломлаштириш ва дам олдириш ишларини ташкил этиш, ишчи-ходимлар ўртасида маданий-маърифий ва спорт тадбирларини уюштириш, туризмни ривожлантириш, жамоа шартномалари мажбуриятларининг бажарилиши ва бошқа муҳим масалалар мунтазам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар асосида уларнинг бажарилишига эришилаяпти.

Жамоа шартномалари ва келишувлари ишлаб чиқариш муносабатларида иш берувчи ва меҳнаткашлар ўртасида юзага келадиган баъзи бир муаммоларни бартараф этувчи муҳим ҳуқуқий ҳужжат эканлигини инобатга олган ҳолда, акциядорлик жамияти ва корхоналар билан тузилган келишув ва жамоа шартномаларда қайд этилган касаба уюшмаси аъзоларининг имтиёз ва кафолатларини таъминлашга алоҳида муносабатда бўлмоқдамиз.

Меҳнаткашларнинг меҳнатга доир, ижтимоий-иқтисодий ва касб манфаатларини ҳимоялаш, меҳнат қонунчилигига риоя қилиш назоратини ташкил этиш, ҳуқуқий ёрдам бериш бўйича Республика кенгаши томонидан бир қанча ижобий ишлар амалга оширилаяпти. Ҳар йили ўтказиладиган «Меҳнат муҳофазасини жамоатчилик асосида энг яхши ташкил этиш» кўрик-танлови ғолиблари муносиб тақдирланмоқда. Тармоқ корхоналари меҳнат муҳофазаси бўйича Республика кўрик-танловларида иштирок этиб, бир неча маротаба совринли ўринларни эгаллаганликлари ҳам ана шу саъй-ҳаракатлар натижасидир.

Касаба уюшмалар фаолиятининг устувор йўналишларидан яна бири, бу — бандликка кўмаклашиш масаласидир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг кўшма қарори билан тасдиқланган янги иш ўринларини яратиш Дастурига мувофиқ, акциядорлик жамияти миқёсида кенг кўламда олиб борилаётган қурилиш ишлари эвазига ҳар йили минглаб иш ўринлари барпо этилиб, бу масала касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик асосида мунтазам мониторинг қилинмоқда. Режадаги янги-янги лойиҳалар рўёби янада кўпроқ иш ўринлари очилиши имконини бераяпти.

Акциядорлик жамияти томонидан ходимларни махсус кийим-бош, пойабзал ва махсус ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминлаш мақсадида йилдан-йилга етарли миқдорда маблағлар ажратиб келинмоқда.

Тармоқ касаба уюшмаси меҳнаткашлар ва ёшларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, уларни Ватанга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш ишига ҳам ўз имкониятларини сафарбар этмоқда.

Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси фаолиятида ишловчи ва ўқувчи ёшларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида аниқ мақсадга йўналтирилган ёшлар сиёсатини амалга ошириш, баркамол авлодни тарбиялаш ишлари устувор йўналишлардан бири этиб белгиланиб, тармоқ касаба уюшмаси қошида Ёшлар кенгаши ташкил этилганлиги айни муддао бўлганлигини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда. Устувор йўналишларда белгиланган вазифалар тармоқ келишуви ҳамда жамоа шартномаларида ўз ифодасини топиб келмоқда. Аёллар ва ёшларга имтиёзлар бериш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш масалалари, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишга жойлаштирилиши ва иш жойларида қўнимлиги доимо назоратда бўлмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида «Энг фаол ёш темирйўлчи», «Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур» кўрик-танловлари, турли мавзуларда «Маънавият соатлари», давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказиш анъана тусини олди. Касаба уюшмаси тасарруфидаги бой китоб фондига эга кутубхоналардан китобхонлар доимий равишда маънавий озуқа олмоқда. Меҳнаткашларнинг сиёсий онги, тафаккурини оширишда кутубхоналар ўрни беқиёс аҳамиятга эга эканлигини ­англаган ҳолда «Энг яхши кутубхона», «Китобсевар оила» анъанавий кўрик-танловлари ўтказиб келинаяпти. ўолиблар пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланаётир.

Маъмурият билан ҳамкорликда соҳа меҳнаткашлари ва уларнинг оила аъзоларини сиҳатгоҳларда, шунингдек, дам олиш уйлари ва санаторий-профилакторийларда ­соғломлаштириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Тармоқда ­«Чимён» санаторияси, «Назарбек», «Сиҳатгоҳ» ва «Қўнғирот» санаторий-профилакторийлари ҳамда бир вақтнинг ўзида 240 нафар кишига хизмат кўрсатаётган «Хўжакент» дам олиш оромгоҳи ҳамда 5 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолият юритмоқда. Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида қуриб фойдаланишга топширилган 100 ўринли «Омонхона» балнеологик комплекси нафақат соҳа ходимларининг, балки мамлакатимиз аҳолисининг саломатлигини тиклашга бемисл ҳисса қўшиб келмоқда. Санаторий-профилакторийларда йўлга қўйилган физиотерапия, массаж, иглотерапия, ингаляция, парафин, сув муолажалари, жисмоний тарбия ва гиёҳ билан даволаш усуллари, «Чимён» сиҳатгоҳининг маъданли суви, «Хўжакент» дам олиш уйидаги бетакрор табиат манзаралари ҳамда, муҳими, ходимларнинг юқори малакаси ва ширин муомаласи ушбу гўшалар жозибасини янада оширмоқда, десак асло муболаға бўлмайди.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, темир йўл транспорти корхоналарида узоқ йиллар мобайнида ўзининг самарали меҳнати билан соҳанинг ривожи ва равнақи учун салмоқли ҳиссасини қўшиб, ҳозирги кунда қарилик гаштини сураётган меҳнат фахрийлари тармоқ келишувига асосан, нафақага чиққанида ташкилотлар ҳисобидан уч йилда бир марта «Назарбек», ­«Чимён» санаториялари ва «Сиҳатгоҳ» профилакториясига бепул йўлланма олаяпти.

Темирйўлчилар, транспорт қурувчилари ва улар оила аъзоларининг соғлигини мустаҳкамлашда жисмоний тарбия ва спортнинг муҳим аҳамиятини яхши тушунган ҳолда иш берувчи билан ҳамкорликда темир йўл узеллари ва касаба уюшма қўмиталари раҳбарларининг фаол кўмагида спорт клубларининг моддий-техник  базасини мустаҳкамлашга  эътибор бериб келаяпмиз.

Ҳозирги кунда темир йўл узелларида теннис, бокс, футбол, баскетбол, кураш, ўзбек жанг санъати, самбо, мини-футбол, юнон-рум кураши ва оғир атлетика турлари бўйича шуғулланиш учун зарур шароитлар яратилган спорт иншоотлари  мавжуд бўлиб, ташкил этилган секциялар ва турли соғломлаштириш гуруҳларида ишчи-хизматчилар ва уларнинг фарзандлари соғликларини ­мустаҳкамламоқдалар.

Бир сўз билан айтганда, соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари мустаҳкам ҳимояга олинган. Иқтисодий юксаклишлар ҳам шунга яраша бўлмоқда.

Тоирхон НУРИЛЛАЕВ,

Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари

касаба уюшмаси Республика

кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email

Arxivlar

Aprel 2024
Du Se Ch Pa Ju Sh Ya
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930  

Хатолик топдингизми?

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!