ИНСОН МАНФААТЛАРИ ҲАР НАРСАДАН УСТУН
Бу фикр айни кунларда мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган янгиланишлар мисолида янада ёрқинроқ акс этмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг илк кунларидан ислоҳотлар янги сифат босқичида давом эттирилиши жараёнлари бошланиб кетди. Ҳар бир соҳада туб бурилиш, ҳар бир ҳудудда катта ўзгаришлар сари қадамлар қўйила бошлади. Энг муҳими, буларнинг барчаси халқимизнинг кўз ўнгида, бевосита улар иштирокида рўй бермоқда.
Бу ҳақда жорий йил 10 февраль куни бўлиб ўтган, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви билан тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасидаги 2015-2017 йилларга мўлжалланган Тармоқ келишуви мажбуриятларининг акциядорлик жамияти бошқаруви касаба уюшмаси томонидан 2016 йил давомида олиб борилган иш фаолияти ва келгусида амалга ошириладиган иш режаларига бағишланган конференциясида атрофлича сўз борди.
Маълумки, тармоқ келишувининг асл мақсади ишчи-ходимлар манфаатлари ҳимоясини таъминлашдир. Ушбу муҳим ҳужжат асосида ходимлар узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллардан фойдаланади, қўшимча тўлов ва имтиёзлар, ижтимоий кафолатлар, соғликни сақлаш, темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда фарзандлари соғломлаштирилади. Шунингдек, бандликни таъминлаш, янги иш ўринлари барпо этиш каби муҳим вазифалар ҳам мазкур келишув мажбуриятларидан ҳисобланади.
Мажлисда бу борада амалга оширилган ишларни Иқтисодий таҳлил ва прогнозлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Маъмура Якубова аниқ рақамлар мисолида таъкидлаб ўтди.
Тасарруфида 19 та цех, 30 та касаба уюшма гуруҳи, 2515 нафар аъзони бирлаштирган бошқарма касаба уюшмасининг иши 2016 йилда самарали бўлганлиги бошқарув касаба уюшма қўмитаси раиси Шаҳло Умарованинг маърузасида батафсил баён этилди.
- Тармоқ келишувининг давр талабига мос равишда ташкил этилганлиги боис ишчи-ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларимизда самарадорликка эришяпмиз, – дейди Ш.Умарова. – Айниқса, “Соғлом она ва бола” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ижтимоий шериклик асосидаги бир қатор эзгу ишларимиз самарадорлиги ортди. Хусусан, кам таъминланган оилаларга ва ижтимоий муҳофазага муҳтож инсонларга манзилли моддий ёрдам кўрсатилиши, темирйўлчилар ва уларнинг фарзандлари касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соғломлаштирилганлиги тармоқ келишуви мажбуриятларининг тўлақонли бажарилишига эришилди. Йил давомида фуқаролардан келиб тушган 605 та ёзма ва оғзаки мурожаатнинг барчаси ўз вақтида қаноатлантирилди.
Бугунги кунда аҳолининг турмуш даражаси, иқтисодий аҳволини холис ўрганиш ва ечимини кутаётган масалаларни аниқлашнинг энг самарали йўли улар билан бевосита мулоқотлар ўтказиш бўлмоқда. Ишчи-ходимларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш – касаба уюшмалари фаолиятининг негизини ташкил этади, десак ҳам хато бўлмайди. Шу ўринда уюшманинг янги босқичда олиб борилаётган ислоҳотлар талаби доирасидаги ишларидан бири “Сайёр қабулхоналар”нинг ташкил этилганлиги бугунги кун талабига ҳамоҳанг бўлаётганини таъкидлаш лозим. Ташкилот мутасаддилари мурожаатлар билан ишлаш тизимини танқидий қайта кўриб чиқиб, ишчи-ходимларнинг жадвал асосида қабулларга келишини кутмасдан, меҳнат жамоаларига чиқиб, улар билан юзма-юз суҳбатлашмоқда. Табиийки, бу ишчилар ишончини, қолаверса уларнинг масъулиятини ҳам мустаҳкамламоқда.
Тадбирда сўзга чиққан Марказий касаба уюшма кутубхонаси директори Д.Каримова, Соғлиқни сақлаш хизмати бошлиғи Т.Матибаев, “Назарбек” сиҳатгоҳи директори А.Ахмедов, Бошқарма “Нуроний” жамғармаси раиси Н.Бобожоновалар, касаба уюшмасининг кенгқамровли фаолияти, темирйўлчилар ижтимоий ҳимояси йўлида олиб борилаётган ишлар, соҳа ходимлари ва нафақадаги темирйўлчиларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида батафсил гапирди.
Тармоқ келишуви дегани аслида ҳамжиҳатлик, бир ёқадан бош чиқариб ишлаш дегани. Бу ҳамжиҳатликнинг мақсади, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш” учун қилинаётган эзгу ишлардир.
Йиғилишда бу эзгу мақсад йўлида бундан кейин изчил ижтимоий шерикчилик асосида, елкама-елка бўлиб, сидқидилдан ва катта масъулият билан ишлашга, тармоқ келишуви мажбуриятларини тўлақонли амалга оширишга келишиб олинди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: