ҲУЛКАР – ТАНЛОВ ҒОЛИБИ
Тошкент темир йўл муҳандислари институтида темир йўл тизимида ҳар йили анъанавий ўтказилиб келинаётган “Зеболар баҳси” кўрик-танловининг якунловчи босқичи ўтказилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур танловда тизим тасарруфидаги ўқув муассасаларида таҳсил олаётган, танловнинг биринчи босқичида ғолибликни қўлга киритган 5 нафар ўқувчи ва талаба қиз беллашишди.
Тадбирда бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан қизларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш, ижтимоий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидланди.
– Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси, уларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш борасида қабул қилинган барча муҳим ҳужжатлар уларнинг истеъдод ва иқтидорини намоён этиш учун шароит яратиб бермоқда, –дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Алимухамедова. – Мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад ҳам талаба қизлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жамиятимизда оналик ва болаликни муҳофазалаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини улар онгига сингдиришдир.
Танлов иштирокчилари “Таништирув”, “Савол-жавоб”, “Энг зукко китобхон” ҳамда “Эркин мавзу” шартлари бўйича ўз билим ва маҳоратларини намоён етишди. Улар орасида халқаро спорт мусобақалари ғолиби, кўплаб шеърий тўпламлари чоп этилган ижодкор, дизайн ва ҳунармандчилик соҳасида ютуқларга эришаётган истеъдодли қизларнинг борлиги туфайли беллашув қизғин, баҳс ва мунозараларга бой ўтди.
Шартлар бўйича энг кўп балл тўплаган Тошкент темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ҳулкар Шерзодова кўрик-танловининг мутлоқ ғолиби деб топилди. Самарқанд темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Маҳлиё Йўлдошева “Энг зукко иштирокчи”, Тошкент темир йўл муҳандислари институти талабаси Азиза Оманова “Энг яхши ижро услуби учун”, Қўқон темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Гулнора Умрзоқова “Энг латофатли иштирокчи” ҳамда Тошкент темир йўл муҳандислари институти қошидаги Миробод академик лицейи ўқувчиси Мадина Абдулхайирова “Мухлислар меҳрини қозонган иштирокчи” номинациясига лойиқ деб топилди.
Ғолиблар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилотининг ҳамда касаба уюшма қўмитасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: