Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши   Click to listen highlighted text! Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши

Ҳамма нарса инсон ва унинг истиқболи учун

Халқимизнинг турмуш даражасини яхшилаш борасидаги кенг кўламли ишларининг амалга оширилишида ўз сафларида 101 мингдан ортиқ касаба уюшма аъзоларини бирлаштирувчи Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ҳиссаси катта.

 Чунки айнан темирйўлчиларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари кафолатларининг қонун ҳужжатларида белгиланган юқори даражасини ўрнатиш, меҳнат муносабатларини самарали равишда тартибга солиб туриш Республика Кенгаши иштирокидаги тармоқ келишуви асосида ҳал этиб келинмоқда.

2020 йилнинг 25 август куни Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмасининг VII-Қурултойи мамлакатимизда хукум сураётган пандемия вақтига тўғри келганлиги сабабли, бир қанча чекловларни инобатга олган ҳолда, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти мажлислар залида (Марказий студия) “Zoom” видеоконференция алоқа тизими орқали ўтказилди. Анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раиси Хуснутдин Хасилов шунингдек, минтақавий темир йўл узеллари, корхона ва ташкилот студияларида делегатлар ва таклиф этилганлар иштирок этдилар. Унда ўтган беш йилликда тизимда амалга оширилган ишлар сархисоб қилинди.

Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тизимида 147 та бошланғич, 3 та бирлашган ҳамда 6 та ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари мавжуд бўлиб, улар ижтимоий шерикчилик тамойиллари асосида, тармоқ келишуви ва жамоа шартномалари орқали ишчи-ходимларни меҳнатга доир ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаб боради. Шу мақсадда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви билан Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида тармоқ келишуви тузилган. Уларда соҳанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши асосида йўналишларидан ишчи-ходимларга қулай меҳнат шароитлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш, бандлик ҳамда ижтимоий кафолатлар ўрнатиш бўйича мажбуриятлар белгиланган.

Анжуманда Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров сўзга чиқиб 2016-2020 йиллар давомида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботни ўқиб эшиттирди.

Бугунги кунда темир йўл ва транспорт қурувчилари соҳасида битта тармоқ келишуви ҳамда 90 та жамоа шартномалари орқали корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 99,1 фоизи қамраб олинган. Республика Кенгаши охирги 5 йил давомида ўз фаолиятини белгилаб олинган устувор йўналишлар асосида олиб бориб, Раёсат йиғилишларида иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш, бандликка кўмаклашиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар ва улар оила аъзоларини сифатли соғломлаштириш ва дам олдириш ишларини ташкил этиш, ишчи-ходимлар ўртасида маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этиш, туризмни ривожлантириш, жамоа шартномалари мажбуриятларининг бажарилиши ва бошқа муҳим масалалар мунтазам муҳокама этиб, тегишли қарорларни қабул қилиб, уларнин бажарилишига эришиб келган.

Ҳисобот даврида Республика Кенгаши томонидан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ 46 минг 184 та ёзма ва оғзаки аризалари кўриб чиқилган.

Ижтимоий йўналтирилган йил дастурлари доирасида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 30 минг 361 нафар касаба уюшма аъзоларига ижтимоий кўмак чоралари кўрсатилган. 195 нафар ёш ишчи-ходимларга Республика Кенгаши томонидан моддий ёрдам берилган. Тошкент темир йўл муҳандислари институтида таҳсил олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган “Касаба уюшмалари стипендияси”ни жами 40 нафар талабага 44 миллион сўм миқдорида маблағ тўлаб берилган.

Тармоқ тизимидаги санаторий ва дам олиш уйларида жами 5 минг 747 та имтиёзли йўлланмалар ажратилиб, шундан 403 нафари бепул йўлланмалар асосида. Ялта ва Кисловодск шаҳарларида жойлашган “Ўзбекистон” санаторияларида 68 нафар ходим соғломлаштирилди.

Ҳисобот даврида ёз мавсумида тармоқ бўйича жами 7 та оромгоҳларда 30 мингдан ортиқ болалар соғломлаштирилди. Жумладан ҳар мавсумда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларнинг 1498 нафар болалари Тошкент вилояти ҳудудидаги “Қибрай” оромгоҳида бепул соғломлаштирилиши таъминланиб келинди.

Темир йўл тизимидаги барча корхона, ташкилот, бўлинма ва муассасаларида “Хотин-қизлар ҳуқуқий маданиятини ошириш”, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазийқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари тарғиботи мавзуларида 830 та тадбирлар ташкил этилди. Турли байрам-тадбирлари муносабати билан темирйўлчилар ва уларни оилалари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида спорт турлари бўйича кўпгина мусобақалар ўтказилди.

Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши таклифига биноан 2019 йилнинг 12-13 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Халқаро темирйўлчилар касаба уюшмалари конфедерацияси кенгашининг 57-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кенгаш аъзолари ва делегациялари ҳамда Халқаро темирйўлчилар касаба уюшмалари конфедерацияси кенгаши раиси ва бош котиби иштирок этди.

Ундан ташқари мамлакатимизнинг қадимий ва диққатга сазовор жойларига 15 минг нафар ходимлар, ёш оилалар ва талабалар учун саёҳатлар уюштирилди.

2016 йилдан бугунга қадар Республика Кенгаши тасарруфидаги касаба уюшма ташкилотларидан 200 нафар бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари ва мутахассислари Федерация Кенгашининг Ўқув марказида малака оширдилар.

Амалга оширилаётган ишлар самараси тизимда фаолият олиб бораётган кадрларнинг билим даражаси, тажрибаси, ташаббускорлигига бевосита боғлиқ. Шу боис тизимда кадрлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тармоқ касаба уюшмасида кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, маънавияти, салоҳиятига хизмат қиладиган мукаммал тизимни шакллантиришга юксак эътибор қаратилиб келиняпти. Боиси шундаки, кадрлар жамиятни ҳаракатга келтиради, унинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаётини жонлантиради. Тармоқда сидқидилдан меҳнат қилган ана шундай ходимлар бугунги кунда ҳокимликлар ва турли нуфузли ташкилотларда фаолият юритмоқда.

Қурултойда делегатлар ҳам сўзга чиқиб, ҳисобот даврида амалга оширилган ишларга атрофлича тўхталишди. Тармоқ касаба уюшмаси фаолиятига ижобий бахо берилиб, келгусида амалга ошириладиган  устувор вазифалар белгилаб олинди.

–“Ҳамма нарса инсон ва уни истиқболи учун” деган эзгу тамойилни тўлиқ амалга ошириш биз учун доим энг муҳим устувор вазифа бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади, – дейди Қ.Сабиров.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши доимо халқ манфаатларини ҳар нарсадан устун қўйиб, ишчи-ходимларни эътибордан четда қолдирмай мунтазам равишда ёрдам қўлини чўзиб келади ва иш берувчилар билан елкама-елка туриб, барча муаммолар ечимини топади.

Қурултойда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раислигига Қутлимурат Сабиров қайта сайланди.

Print Friendly, PDF & Email

Arxivlar

Dekabr 2024
Du Se Ch Pa Ju Sh Ya
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031  

Хатолик топдингизми?

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!