Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши   Click to listen highlighted text! Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши

ҲАМ ДЕХҚОНЧИЛИКДА, ҲАМ ЧОРВАЧИЛИКДА КАТТА МАРРАЛАР САРИ

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимизда чорвачилик ва мева-сабзавотчилик тармоғини жадал ривожлантириш ҳамда халқимизни арзон, сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган аҳоли учун янги иш ўринлари яратишга катта аҳамият қаратилмоқда.

Темирйўлчиларимиз чорвачилик соҳасини ривожлантириш ва бўш ётган ерларни обод қилиб, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришда катта тажрибага эга. Хусусан, Термиз, Оҳангарон, Қўнғирот, Шовот, Сардоба туманларида тармоқ тасарруфидаги чорвачилик ва паррандачилик мажмуалари, ўзлаштирилган ер майдонларида эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилиб, халқимизга арзон нархларда етказиб берилмоқда.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг февраль ойида Бухоро вилоятига қилган ташрифи давомида чорвачилик ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш бўйича темирйўлчиларга топшириқ берган эди. Шунга асосан Когон туманида 1000 бошга қора молга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси қуриш ва мева-сабзавотчилик тармоғини янада ривожлантириш учун 55 гектар ер майдони ажратиб берилгач, ўтган йилнинг ўзидаёқ “Бухоро минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси раҳбар ва мутахассислари томонидан бўш ётган ер майдонларини дехқончиликка тайёрлаш ва мевали кўчатларни экиш ишлари бошлаб юборилди.

Маълумки, Бухоро вилояти ҳудудидаги аксар ер майдонларида дехқончлик қилиш, мева-сабзавот махсулотларини экиб, боғ яратиш анча машаққат ва катта меҳнатни талаб қилади. Чунки, ушбу ер майдонларида сув танқислиги юқори, қолаверса, ерларнинг аксар қисми шўрланган. Бироқ темирйўлчилар бу қийинчилик ва ноқулайликларга қарамай, қисқа фурсатда замонавий техникаларни ишга солиб, бир неча йилдан бери сувсиз ётган тақир ерларга об-ҳаёт неъматини олиб келишди. Замонавий сув тортиш “СМП-500” насослари ўрнатилгач, энг муҳим муаммо ҳал бўлди. Дехқончилик учун ажратилган ер майдони сув билан таъминланди. Шундан сўнг қақраб ётган ер ҳудуд турли чиқинди ва тош-шағаллардан тозаланиб, замонавий техникалар ёрдамида юмшатилди.

–2018 йилнинг март ойида 55 гектар ер майдонининг 24 гектарига “Fantaziya” ва “Katrina” навли Туркиядан келтирилган хосилдор шафтоли кўчати экилди, – дейди Қишлоқ ҳўжалиги бошқармаси етакчи мутахассиси Фарход Бекжонов. – Ундан ташқари 15 гектарга республикамизда энг юқори ўринларни эгалловчи, ўзимизда етиштирилган “Gold-106” навли олма, 2 гектарга эрта пишар гилос, 5 гектарга нок, 4 гектарга эса ўрик ҳамда яна 5 гектарга олхўри кўчатлари экилди. Маълумки, янги кўчатлар экилгач уч йилдан сўнггина хосил бера бошлайди. Бироқ дехқончиликда катта тажрибага эга мутахассисларимиз ёрдамида кўчатларга ўз вақтида қаралиб, ишлов берилди ва бунинг учун 20 нафардан кўпроқ мутахассисларимиз янги экилган боғда парвариш ишларини намунали олиб боришди. Натижа эса кўзланганидан ҳам яхши бўлди. Кўчатлар экилгач, 2 йил ўтибоқ мўл хосил етиштириб олинмоқда.

Хусусан, жорий йилда “Fantaziya” ва “Limon” навли шафтоли кўчатларидан 6 ҳамда 5 тоннагача ҳосил олиниб, умумий қиймати 60 миллион сўм бўлган соф даромад олинди. шафтоли кўчатидан ҳам юқори сифатли ҳосил олишга эришилди. Барча кўчатлардан эса 2019 йилги ҳосил учун умумий фойда 100 миллион сўмдан ортиши кутилмоқда. Мазкур етиштириб олинаётган мева маҳсулотлари темирйўлчилар касб байрами муносабати билан узел тасарруфидаги корхоналарда фаолият кўрсатаётган соҳа ходимларига арзон нархларда етказиб берилади.                   Бухоролик темирйўлчилар бу муваффақият билан чекланиб қолмоқчи эмас. Улар боғдорчилик соҳасини янада ривожлантириш ва темирйўлчиларга арзон ҳамда сифатли мева-сабзавот, полиз маҳсулотларини етказиб бериш ниятида. Шу билан бирга вилоятда чорвачилик соҳасини ҳам тараққий этишига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилишган. Бунинг учун ҳукуматимиз томонидан Когон туманида темирйўлчилар учун 300 гектар ер майдони ажратилди. “Бухоро минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси маблағларига ушбу ажратилган ҳудуднинг 15 гектар майдонида “Янгиобод” кўп тармоқли наслчилик чорва мажмуаси ташкил этилиб, айни пайтда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Бу ишларни узел бошлиғи Алижон Эргашевнинг шахсан ўзи назоратга олиб, ҳар куни ободонлаштириш ва қурилиш объектида бажарилаётган ишларни кўздан кечириб, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни дархол бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

–Янги ташкил этилган чорвачилик мажмуасини бунёд этиш ишларига 200 нафарга яқин темирйўлчи-қурувчилар жалб этилган, – дейди “Янгиобод” кўп тармоқли наслчилик чорва мажмуаси бошлиғи Феруз Пўлатов. – Айни пайтда қурилиш объектида маъмурий ва санитар бинолар тўлиқ қуриб битказилди. Шунингдек, 1000 бош йирик шоҳли моллар учун барча талабларга жавоб берадиган сақлаш жойи, 500 та бош сигирга мўлжалланган ёзги ва қишки бинолар ҳамда сут соғиш ва уни қайта ишлаш цехларида қурилиш ишлари якунига етказилмоқда. Яқин кунлар ичида ушбу цехлар замонавий сут соғиш ва уни қайта ишлаш жиҳозлари билан таъминланади. Яна 7 та ем-ҳашак сақлаш учун мўлжалланган омборхона ҳам қуриб битказилмоқда.

Мажмуа тасарруфидаги 285 гектар дала ерларида чорва моллари учун беда ва маккажўхори экинлари экилиб, улардан юқори хосил олиб, сифатли озуқа жамғариш режалаштирилган. Сўнгги ободонлаштириш ва тозалаш ишлари олиб борилаётган чорвачилик мажмуаси тўлиқ битказилгач юқори маҳсулдор ғўнажинлар олиб келинади.

Белгиланган лойиҳа режасига кўра янги ташкил этилган “Янгиобод” кўп тармоқли наслчилик чорва мажмуаси жорий йил якунида тўлиқ қуриб битказилиши кўзда тутилган эди. Бироқ узел раҳбарияти ва бунёдкор темирйўлчилар ушбу масканда олиб борилаётган қурилиш ишларини сентябрь ойида якунига етказиб, фойдаланишга топширишни мақсад қилишмоқда. Мажмуа ишга туширилгач, қорамоллар 1000 бошга етказилади ва сут ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш йўлга қўйилади. Ҳудуд аҳолиси учун эса 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Print Friendly, PDF & Email

Arxivlar

Dekabr 2024
Du Se Ch Pa Ju Sh Ya
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031  

Хатолик топдингизми?

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!