Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши   Click to listen highlighted text! Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши

Хайрли ишлар, мақсад, муддаолар…

Хайр-саховат, инсонпарварлик ва мурувват халқимизга хос улуғ анъана. Айниқса, кўнгли ўксик инсонларга меҳр кўрсатиш, қалбини қувончга тўлдириш савоби улкан амаллар сирасига киради.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти “Мурувват – кўнгилдан бошланади” шиори остида ноябрь ойини хайрия ойлиги сифатида эълон қилди. Ойлик муносабати билан темир йўл тизимида амалга ошириладиган маънавий-маърифий, хайрия тадбирлари юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқди. Шунга кўра, жамият тасарруфидаги ўқув муассасаларида яъни Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент, Самарқанд, Қўқон темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежлари ва Миробод академик лицейларида таҳсил олаётган ёшларни инсонпарварлик ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш билан бирга халқаро гуманитар ҳуқуқий билимларини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш юзасидан маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этди.  Талаба ва ўқувчи ёшлар ўртасида рефератлар ва иншолар танлови ўтказилди. Тизимдаги корхона ва ташкилотларда маданий-маърифий ва хайрия тадбирлари ташкил этилди.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, “3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” ҳамда ташкилотнинг 60 йиллиги муносабати билан темир йўл тизимидаги ногирон темирйўлчиларга, “Меҳр-Шафқат” хизмати эҳтиёжмандларига, ногирон болаларни тарбиялаётган темирйўлчи оилаларга, ётиб қолган ёлғизлар ва кам таъминланган оилалардан бўлган ногиронларнинг уйларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинди, байрам совғалари тақдим этилди. Нафақат байрам саналари балки йил давомида ижтимоий ҳимояга мухтож, кам таъминланган, якка-ёлғизлар, ногирон темирйўлчиларга мунтазам равишда меҳр-мурувват ёрдамлари кўрсатилиб келинди. Шу билан бирга ташкилот томонидан Тошкент шаҳридаги  №2 – сонли ногирон болалар мурувват уйига, “Камалак” ногирон болалар уйи тарбияланувчиларига, Қўнғирот Кўзи ожизлар жамиятига,  Тошкент вилояти Янгийўл тумани кўзи ожизлар жамиятига, “Қадрият қадри” ногиронлар жамиятига, Сирдарё вилояти Ногиронлар жамиятига ва улардаги ногиронлар учун кийим-кечаклар, спорт инвентарлари, кир ювиш воситалари, ногиронлик араваси, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар кўринишида мурувват ёрдамлари кўрсатилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Тошкент шаҳрида жойлашган  № 21-22-23-30-сонли Меҳрибонлик уйларига ва Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйига ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги № 1-2-сонли ногирон болалар Мурувват уйларига кийим-кечаклар, оёқ кийимлари, спорт инвентарлари, сан-гигиена воситалари, китоблар – болалар бадиий адабиётлари кўринишида хайрия ёрдамлари кўрсатилди.

Кўнгли ярим, қалби ўксик, ота-она меҳрига зор бўлган болажонлар бу каби эътибор ва ғамхўрликдан руҳланиб эртанги кунга умид билан қарашга, келажакда яхши инсонлар бўлиб вояга етишга ҳаракат қиладилар. Бу тадбир ташкилотчиларининг ҳам асосий мақсадидир.

Ана шундай муҳим тадбирлардан яна бири  Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикаси “Анемия ва Лейкомия” хайрия жамоат фондига ва у ердаги ногирон болажонлар учун темир йўл раҳбарияти номидан момиқ сочиқлар, спорт инвентарлари, кир ювиш воситалари кўринишида хайрия ёрдамлари кўрсатилганлиги бўлди.

Шунингдек, ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш, эҳтиёжманд темирйўлчиларнинг ижтимоий ночор қатламларига ёрдам кўрсатишни кучайтириш мақсадида ташкилот томонидан жорий йилда бир нафар эҳтиёжмандга тиш протези, 14 нафар темирйўлчиларга ногиронлар аравачаси, 1 нафар ногирон темирйўлчига эшитиш мосламаси, 61 нафар ногиронларга ҳасса ва қўлтиқтаёқлар хайрия асосида тақдим этилди.

Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Персонални бошқариш ва кадрлар тайёрлаш бошқармаси, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамкорликда “Мурувват – кўнгилдан бошланади” шиори остида Тошкент шаҳрида жойлашган “Эркаклар Ногиронлар уйи”,  37-сонли ақли заиф болалар учун мактаб-интернат, 103-сонли ақли заиф болалар учун мактаб-интернат, 100-сонли таянч ҳаракат аъзолари шикастланган болалар учун мактаб-интернат, Кўзи ожиз болалар учун мактаб-интернатларида театр томошалари ва концерт дастурлари ташкил этилди.

Мазкур тадбирларда Марказий Темирйўлчилар маданият саройи директор ўринбосари Дилором Мансурова раҳбарлигидаги “Ниҳол” ансамбли ва “Серпантин” болалар рақс ансамблининг махсус бадиий дастури  ногирон болажонлар ва катталар учун ўзига хос байрам совғаси бўлди. Она юрт, бахтли болалик ва меҳр-оқибат, эзгуликни тараннум этилган шеърлар, дилрабо куй-қўшиқлар, жозибали рақслар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.  Шунингдек, турли хил эртак қаҳрамонлари иштирокидаги ажойиб театр томошалари болажонларга ўзгача завқ бағишлади.

Тадбирларни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хотин-қизлар қўмитаси, Марказий Темирйўлчилар маданият саройи, “Ўзтемирйўлмаштаъмир” Унитар корхоналари хайрихоҳ сифатида ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Мазкур тадбирлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, хусусан, ногиронларни ижтимоий муҳофазаси борасида темир йўл тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ва серқирра чора-тадбирларнинг бир томони, холос.

Энг асосийси шуки, бугунги кунда тизимда ногиронларга бўлган эътиборнинг мустаҳкам пойдевори яратилди ва ушбу долзарб йўналишда мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Жаннатмакон юртимизда бугунги кунда рўёбга чиқаётган барча янгилик ва эзгулик ишлари республикамиз Мустақиллигининг ҳамда истиқлолимизнинг мевасидир. Шунинг учун ҳам бундай юртнинг, элнинг келажаги буюкдир дейишга асосимиз бор.

Print Friendly, PDF & Email

Arxivlar

Dekabr 2024
Du Se Ch Pa Ju Sh Ya
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031  

Хатолик топдингизми?

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!