БОШ ҚОМУСИМИЗГА БАҒИШЛАНДИ
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тасарруфидаги Марказий кутубхонада “Конституция – бахтимиз пойдевори” мавзусида тадбир ўтказилди.
Унда кутубхона ходимлари ҳамда Тошкент темир йўл муҳандислари институти қошидаги 1-Миробод академик лицейи ва Тошкент темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди. Тадбирда Маънавият тарғибот маркази Тошкент шаҳар бўлими масъул ходими Баҳодир Ҳайитматов сўзга чиқиб, конституциямиз миллатнинг ажралмас белгиси ва давлат мустақиллигини ифодаловчи жиҳатлардан бири эканлигини эътироф этди. Бош қомусимизни ўрганиш, мазмун-моҳиятини теран англаш фуқароларимиз учун, айниқса ўсиб келаётган ёшларимиз учун ҳам фарз, ҳам қарз бўлмоғи лозимлиги таъкидланди. Зеро, қонунларни мукаммал билиш инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг пойдеворидир, фаровон ҳаётнинг кафолатидир.
–“Конституция – бахтимиз пойдевори” мавзусида ташкил этган тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинган шонли тарихи ва истиқлол йилларида халқаро талабларга мос равишда мукаммаллаштириб борилган қонунларимизнинг мазмун-моҳиятини ўқувчиларга аниқ ва содда тилда тушунтиришдан иборат бўлди, – дейди Марказий касаба уюшма кутубхонаси раҳбари Дилафрўз Каримова. – Қизиқарли маърузаларга бой ва давра суҳбати шаклида ўтган тадбирда ўқувчи ёшларни фаол иштирок этиши, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишлари уларнинг қонунларимизга бефарқ эмаслигини, кенг тушунчага эга эканликларини яққол кўрсатди.
Тадбирда ўқувчилар ўртасида викторина савол-жавоблари ташкил этилиб, конституция мавзусига боғлиқ саҳна кўринишлари намойиш этилди. Қувонарлиси, мазкур тадбир сабаб ўқувчиларнинг аксар қисми кутубхонага аъзо бўлиб, янги келтирилган бадиий ва илмий асарлар билан яқиндан танишдилар.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: