БАҲОР ТАРОВАТИ СЕН БИЛАН АЁЛ
Аёлларни, қизларни баҳорга қиёслашади, баҳорни уларга. Гўзаллик, нафосат, янгиланиш, ҳаёт давомийлиги баҳор ва аёл тушунчаларида уйғунлашиб кетади. Темирйўлчилар марказий касаба уюшма кутубхонасида 8-март Хотин-қизлар байрами муносабати билан ўтказилган “Баҳор таровати сен билан аёл” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирда шу ҳақда сўз борди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти ҳамда Тошкент темир йўл муҳандислари институти қошидаги академик лицейи ўқувчилари иштирокида ўтказилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси эксперти, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова иштирок этди.
У ёшларга мамлакатимизда оила, оналар ва болалар манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, хотин-қизларнинг ўқиши, меҳнат қилиши ва дам олиши учун муносиб шароитлар яратилаётгани ҳақида батафсил маълумотлар берди.
– Хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг юртимиз сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш, маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан этиб белгиланган, – деди Ж.Шермуҳаммедова. -Бу борадаги қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, аввало, хотин-қизларимизнинг ўз қадр-қимматини янада чуқурроқ ҳис этиши, ижтимоий-сиёсий ҳаётда, кундалик турмушимизда муносиб ўринни эгаллашига ҳар томонлама кўмаклашишга қаратилаётир.
Тадбирда лицей ўқувчилари томонидан байрам муносабати билан тайёрлаган саҳна кўринишлари, шеър, қўшиқ ва монологлар тақдим этилди.
Марказий темирйўлчилар маданият саройи қошидаги “Ниҳол” ансамблли ижросида аёл, она ва муҳаббатни мадҳ этувчи қўшиқлар ижро этилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: