“АЛОВУДДИН” ОРОМГОҲИ ЎН ЙИЛЛИК ТАНАФФУСДАН СЎНГ ҚАЙТА ОЧИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилояти Хонобод шаҳрига қилган ташрифи доирасида берган топшириғига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги қарорига асосан “2017-2019 йилларда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари” дастури ишлаб чиқилган эди. Унга кўра “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбариятининг буйруғига кўра, “Қўқон минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси ҳамда “Андижон механика заводи” шўъба корхонаси томонидан 2017-2019 йиллар давомида оромгоҳни тўлиқ реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Ўтган вақт давомида темирйўлчилар томонидан бу ерда кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилди, оромгоҳ тўлиқ қайтадан бунёд этилди. Унга кўра бир этажлик 5 дона 40 ўринлик ётоқхона, ошхона, маъмурий бино хамда тиббий кўрик хонаси қайта қурилди. Шунингдек, ота-оналар павилиони, кир ювиш биноси, амфитеатр, 2 та очик сув хавзаси, ювиниш павилиони, кириш-чиқиш назорат пункти, турли хилдаги ўйин майдонлари, дам олиш беседкалари, декоратив фонтан, сув тозалаш биноси, 6 та маънавият ва марифат хонаси ва кутубхона қайта таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди.
Жорий йилнинг 16 июнь куни ушбу оромгоҳ биринчи мавсумда 200 нафар болажонларни қабул қилди. Шу муносабат билан қайта қурилган оромгоҳнинг тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Унда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Махмуд Розиметов, “Қўқон минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси бошлиғи Мухсинжон Мамасидиқов, Андижон вилояти Хонобод шаҳри ҳокими Мусохон Мамадалиев, “Андижон механика заводи” шўъба корхонаси директори Зайнобиддин Аюбжонов ва бошқалар иштирок этишди. Тадбирда таъкидланганидек, қарийб ўн йиллик танаффусдан сўнг, темирйўлчиларнинг эътибори ва бунёдкорлиги билан қайта қурилган оромгоҳ яна ўз бағрига болажонларни қамраб олмоқда. Бу йилги мавсумда оромгоҳда 4 та навбатда темирйўлчиларнинг 800 нафар 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган фарзандларини дам олдириш режалаштирилган. Болажонларнинг мароқли дам олиб, ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадида эса оромгоҳ бутунлай янгитдан сифатли қурилди. Шу ўринда таъкидлаш зарурки, болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан оромгоҳда энг аввало болалар хавфсизлигини таъминлаш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни узлуксиз равишда етказиб бериш, малакали кадрларни жалб этиш ва оромгоҳнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Оромгоҳ махсус ишлаб чиқилган тавсиялар, услубий-қўлланмалар, болалар учун мўлжалланган фильмлар, қўшиқлар ва шеърлар тўпламидан иборат компакт-дисклар, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари учун сценарийлар тўпламидан иборат китоблар билан таъминланди. Оромгоҳга етказиб берилаётган озиқ-овқат махсулотларининг сифати, уларнинг санитария-гигиена талабларига жавоб бериши ҳам қатъий назоратга олинган. Жорий йилда оромгоҳнинг таомномаси қўшимча хилма-хил фиточойлар киритилди, зарур алоқа ва транспорт воситалари билан таъминланди. “Аловуддин” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг очилиш маросимида меҳмонлар ва болажонлар учун тайёрлаган бадиий дастурлар, саҳна кўринишлари намойиш этилиб, байрам концерти бўлиб ўтди. Унда болажонлар гурухларга бўлинган ҳолда куй-қўшиқлар ва саҳна кўринишларини намойиш этишди, шеърий чиқишлари эса меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: