Фахрийлар муносиб тақдирланди
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда жамият бошқаруви касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан 8-март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бир гуруҳ нафақадаги темирйўлчилар уйларига ташриф буюрилиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами топширилди. Илк маротаба ташкил этилган мазкур ғамхўрлик акциясида энг аввало ёлғиз ва боқувчисини йўқотган қариялар, ижтимоий томондан кўмакка эҳтиёжманд аёллар, фахрий темирйўлчиларга эътибор қаратилди.
— Нафақага чиқиб, кексалик гаштини сураётган темирйўлчилар ҳолидан мунтазам хабардор бўлиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш касаба уюшмаси фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Бошқаруви касаба уюшма қўмитаси раиси Шахло Умарова. — Биз жамият раҳбарияти билан ҳамкорликда мунтазам равишда уларга ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ёрдам бериб келамиз. Фахрийларимиз учун энг асосийси эътибор саналишини билган ҳолда бошланғич касаба уюшма ташкилоти етакчилари ҳам улар билан доимий алоқада бўлиб туришади. Даволаниш эҳтиёжи туғилганларга ҳам сифатли тиббий ёрдам олишлари учун зарур шароитларни яратиб берамиз.
Дарҳақиқат кексаларимиз учун меҳр-эътибордан қадрлироқ нарса бўлмаса керак. Буни хонадонларга ташриф давомида кўриб гувоҳига айландик.
— Темир йўл соҳасини танлаганимдан бир умр миннатдорман, — дейди 70 баҳорни қаршилаган, “Фахрий темирйўлчи” Зайнаб Ражапова. — 42 йилдан ортиқ ҳаётим айнан темир йўл билан бевосита боғлиқ. Станция техник назоратчисидан бошлаб, то Махсус хизмат бошлиғигача бўлган йўлни босиб ўтдим. Танлаган соҳам ортидан обрў-эътибор орттирдим ва ҳалигача роҳат-фароғатдаман. Касаба уюшмаси вакилларининг кутилмаганда ташриф буюришлари, йўқлашлари биз учун ҳақиқий бахт, саодат. 8-март байрами муносабати билан қилинган эътибордан ҳам бошим осмонга етди.
Байрам арафасидаги мазкур кутилмаган ташриф барча фахрийларнинг бирдек қувончига сабаб бўлди. Шунингдек, тизимда самарали меҳнат қилиб келаётган 130 нафарга яқин аёллар Бошқарув касаба уюшмаси ва Қизил ярим ой жамияти томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: