ЮРИДИК КЛИНИКА ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ
2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан мамлакатимизнинг турли вазирлик ва идоралари томонидан талай ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ташаббуси билан Юридик клиника ўз фаолиятини бошлади. Фуқароларга ижтимоий-меҳнат соҳасига оид бепул юридик хизмат кўрсатиш, жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, манфаатларни таъминлаш, кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида ижтимоий-меҳнат соҳасига оид халқаро ва миллий стандартларни тарғиб этиш, уларнинг халқаро ва миллий стандартларга оид билимларини ошириш, ҳуқуқни қўллаш кўникмаларини шакллантириш, демократик қадриятлар, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига содиқлик руҳида тарбиялаш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш мақсадида ташкил этилган юридик клиника бир нечта йўналишда фаолият олиб боради. Бепул ҳуқуқий-маслаҳат хизмати оғзаки ва ёзма шаклда ҳуқуқий маслаҳат бериш, мурожаат (ариза, шикоят, таклиф), илтимоснома ва бошқа шаклдаги ҳуқуқий ҳужжатларни тузишда кўмаклашиш ҳамда қонун билан таъқиқланмаган бошқа шаклларда кўрсатилади. Янги лойиҳани ҳаётда татбиқ этиш, аҳолига муносиб юридик хизмат кўрсатиш мақсадида малакали мураббийлар ва экспертлар гуруҳи жалб этилган. Мураббийлар олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчилар орасидан иқтидорлиларини саралаб олиб, улар билан мунтазам равишда ишлашмоқда. Юридик клиника келажакда фаолият турларини янада бойитиб, такомиллаштириб боришни режалаштирган.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: