Сарҳисоб ва режаларга бағишланди
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида 2015-2017 йиллар учун тузилган тармоқ келишуви мажбуриятларининг 2016 йил давомида бажарилиши ҳамда ушбу тармоқ келишувига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши аъзоларининг биргаликдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши раҳбарияти ҳамда ҳудудий, бирлашган ва бошланғич касаба уюшмалари раислари иштирок этишди. Дастлаб йил давомида қилинган ишлар бўйича ҳисобот тингланди.
Қайд этилишича, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раҳбарияти ва тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан 2015-2017 йиллар учун тузилган тармоқ келишуви мажбуриятларини 2016 йил давомида бажарилиши бўйича муайян ишлар амалга оширилган.
Ишчи-ходимларни махсус кийим-бош, пойабзал, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашга 7,9 миллиард сўм, зарарли меҳнат шароитларида ишловчиларни махсус сут маҳсулотлари билан таъминлашга 891,9 миллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.
Акциядорлик жамияти бошқаруви томонидан ижтимоий объектларни сақлаш ва ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, соғлиқни сақлаш соҳасига 60,5 миллиард сўм, таълим соҳасига 30,2 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди.
-2016 йилда акциядорлик жамияти томонидан 2277 та янги иш ўринлари ташкил этилди, – дейди Республика Кенгаши раиси Т.Нуриллаев. – Бандликка кўмаклашиш касаба уюшмаларининг ҳам устувор вазифаларидан ҳисобланиб, иш берувчи ва касаба уюшмалар маблағлари иштирокида “Омонхона” даволаш маскани қошида сув қадоқлаш кичик корхонаси ҳамда сервис хизматлар кўрсатувчи “Темирйўл касаба сервис” масъулияти чекланган жамияти ишга туширилди. Бу корхоналарда 50 нафарга яқин ёшлар иш билан таъминланди. Бу муҳим йўналишдаги кенг қамровли ишлар бундан кейин ҳам изчиллик билан давом эттирилади.
Ўтган 2016 йил давомида санаторий ва дам олиш уйларига 1180 та, шундан 364 та йўлланма аёл ходимлар учун, сув спорт ҳавзасига 500 та йўлланма ажратилди. Йўлланмаларнинг 92 таси кам таъминланган оилалар, фахрий темирйўлчилар, байналминалчи ва Чернобиль ҳалокатини бартараф этишда қатнашган ҳамда Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли қурилишида фаол иштирок этган ишчи-ходимларга бепул тарқатилди.
2016 йилги ёз мавсумида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти корхоналари тасарруфидаги соғломлаштириш оромгоҳларида 6913 нафар болалар соғломлаштирилиб, белгиланган режа 102 фоизга бажарилишига эришилди. Оролбўйи темирйўлчиларининг 68 нафар фарзандлари, 23-сонли Меҳрибонлик уйининг 40 нафар тарбияланувчилари “Қибрай” оромгоҳида имтиёзли равишда соғломлаштирилди.
Шунингдек, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандларига ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш, аёлларни ҳомиладорлик ва туғиш таътил кунларини узайтириш, фарзандларини спорт тўгаракларига қатнашиш харажатларини қоплаш, фарзандлари 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатиш, болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтасини 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилаш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш, уй-жой қурилиши учун фоизсиз ссудалар бериш мақсадида касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилди.
Ёлғиз кексалар ва ногиронларга моддий кўмак бериш, коммунал тўловларининг бир қисмини қоплаш, уй-жойларини таъмирлаш, пенсияга чиқишдан олдин бир марталик моддий ёрдам ва совғалар берилиши, юбилей саналарида тақдирлаш ҳамда маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш, умуман, тармоқ келишуви мажбуриятларини бажариш учун касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан жами 6 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди.
Бундан ташқари, тармоқ келишуви мажбуриятлари бажарилиши учун “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан 241 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунлари қабул қилинганлиги ҳамда Касаба уюшмаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб, амалдаги тармоқ келишувига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, бир овоздан маъқулланди. Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ички меҳнат тартиб Қоидалари янги таҳрирда кўриб чиқилиб, тасдиқланди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: