ЎЗ КАСБИНИНГ МОҲИР ЭГАЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИЛАР
Жорий йилнинг 13 декабрь куни Ўзбек Миллий академик драма театрида “Ўз касбининг моҳир эгаларини тақдирлаш” тадбири бўлиб ўтди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ташкил этилган ушбу тадбир ҳар 2 йилда бир маротаба анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда. Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатиб келаётган, ўз ишининг устаси бўлган, фидокорона меҳнатлари билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган, бу йўлда изланиш ва ташаббус кўрсатишдан тўхтамаётган, ижтимоий шериклик асосида халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида юқори натижаларга эришаётган турли соҳа ходимларини рағбатлантириш, бу орқали уларнинг профессионаллик даражаси ва меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда кўтаринки кайфият бахш этишдир. Шунингдек, ушбу тадбир орқали меҳнаткашларнинг ўз касбига бўлган фидойилиги ва ижодкорлик қобилиятини рағбатлантириш, ижтимоий фаолиятга кенг жалб этиш, «Устоз-шогирд» анъаналарини қўллаб-қувватлаган ҳолда, турли соҳаларда меҳнат қилаётган моҳир касб эгаларига ёш мутахассисларни бириктириш орқали ёшларнинг касбий маҳоратини оширишга эришиш ҳам мақсад қилинган.
Тадбирга кўп йиллар давомида ўз соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган, билими, илмий изланишлари, фидокорона меҳнати билан янги ютуқ ва натижаларни қўлга киритаётган турли касб эгалари таклиф этилди. Ўз касбининг моҳир эгалари 5 босқичда, хусусан, аввало, корхона, ташкилот ва муассасаларда, сўнгра туман ва шаҳарларда, 3-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, 4-босқич тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари миқёсида сараланди. Мазкур дастлабки босқичларда 32 минг нафардан ортиқ турли касб эгалари иштирок этиб, улардан 134 нафари саралаб олинди ҳамда 5-босқич – Республика босқичига тавсия этилди.
Тадбирнинг республика босқичида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан номзодлар орасидан энг муносиб 44 нафари саралаб олиниб, тантанали тадбирда тақдирландилар. «Ўз касбининг моҳир эгалари» деб топилганлар орасида таълим, фан, маданият, санъат, соғлиқни сақлаш, жамоат хизмати, алоқа, авиация, темирйўл, транспорт, йўл, қурилиш, агросаноат, истеъмол товарлари ишлаб чиқириш, хизмат кўрсатиш, нефт-газ, геология, энергетика, кимё, металлургия, машинасозлик, тоғ-кон саноати тармоқларида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, ўз соҳасида эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўз касбининг фидоий ва жонкуяр эгаларини кўриш мумкин.
Уларнинг барчасига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг махсус дипломлари ҳамда совғалари топширилди.
Тақдирланганлар орасида темир йўл тизимидан “Қўнғирот” минтақавий темир йўл узели тасарруфидаги Қўнғирот сигналлаштириш ва алоқа масофасининг катта электрмеханиги Султанбай Сейтов, Қарши локомотив депоси машинисти Баҳодир Абдиев, Бухоро локомотив депоси чилангари Саид Рузиев борлиги қувонарли ҳолдир. Темир йўл соҳасида эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, бу темирйўлчилар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Ўз касбининг моҳир эгаси” деб эътироф этилди. Уларнинг барчасига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг махсус дипломлари ҳамда мукофотлари топширилди.
Тантанали тадбирдан сўнг тадбир иштирокчиларига Ўзбек Миллий академик драма театри жамоаси томонидан саҳналаштирилган «Иймон» спектакли намойиш этилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: