ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНИНИНГ ЙИГИРМА ТЎРТ ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДА ТЕМИР ЙЎЛ ТИЗИМИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ ҲАМ ФАОЛ ИШТИРОК ЭТМОҚДАЛАР
“Бухоро” минтақавий темир йўл узели ҳудудий касаба уюшма қўмитаси тасарруфидаги барча касаба уюшма ташкилотларида 8-декабрь — Конституция кунини кенг нишонлаш мақсадида маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирлари билан бир қаторда турли акциялар ташкил этилмоқда.
— Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан касаба уюшма ташкилотлари томонидан маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилмоқда, — дейди Бухоро МТУ ҳудудий касаба уюшма қўмитаси ташкилий бўлим етакчи мутахассиси З.Шарипова. — Минтақавий темир йўл узели тасарруфидаги Бухоро вагон депоси, Бухоро темир йўл масофаси, Бухоро локомотив депоси ишчи-ходимлари ўртасида “Конституция — ҳуқуқ ва эркинликларимиз, фаровонлигимиз кафолати”, “Ўзбекистон Конституцияси – барқарор Конституция” мавзусида маънавият соатлари ўтказилди. Тадбирларда 136 нафардан ортиқ ишчи-ходим иштирок этди.
Шунингдек, темирйўлчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва соғликларини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида турли спорт мусобақалари ҳам ўтказилмоқда. Байрам арафасида темир йўл корхоналари ходимлари ўртасида Бухоро ҳудудида жойлашган корхоналараро мини-футбол мусобақаси 16-17 декабрь кунлари ўтказиш режалаштирилди. Самарқанд ҳудудида эса эркаклар ўртасида армрестлинг, стол тенниси бўйича, аёллар ўртасида эса дартс ва шашка мусобақалари, Навоий алоқа ва ишорат масофасида ишловчи аёллар ўртасида волейбол мусобақаси ўтказиш режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, республика миқёсида касаба уюшма ташкилотлари томонидан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четга қолмасин” акцияси доирасида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. “Бухоро” минтақавий темир йўл узели ҳудудий касаба уюшма қўмитаси томонидан ҳам ушбу акция доирасида бир қанча эзгу чора-тадбирлар бажарилмоқда. Жумладан, ҳудуддаги темир йўл корхона ва ташкилотларида фидокорона меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ҳамда бугунги кунда нафақадаги кекса темирйўлчилардан 46 нафарига озиқ-овқат тўпламлари, совғалар топширилди. Шунингдек, темир йўл корхона ва ташкилотларида самарали меҳнат қилиш билан бирга жамоат ишларида фаол қатнашаётган ишчи-ходимлар ҳам қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.
8-декабрь — Конституция куни муносабати билан ҳудуддаги барча ташкилотларда тантанали йиғилишлар, давра суҳбатлари, учрашувлар режалаштирилган ва ўтказилиб келинмоқда.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: