ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ – МУНОСИБ МЕҲНАТНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгашининг 2018 йил 5 ноябрдаги №11-27-“с”–сонли Раёсат қарорининг ижросини таъминлаш, ёшлар орасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш ва касаба уюшмаларининг фаолияти ҳақида талаба ёшларга чуқур билим ва тушунчалар бериш, талаба ёшларни касаба уюшмалари аъзолигига кенг жалб этиш мақсадларида Тошкент темир йўл муҳандислари институти “Фаоллар зали”да 6 декабрь куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – муносиб меҳнатнинг ҳуқуқий кафолати” тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирда институтнинг 500 нафарга яқин битирувчи курс талабалари иштирок этди.
Институт “Ёшлар билан ишлаш бўйича” проректори Дилшод Ҳамидуллаевич Баратов тадбирни очиб, барча йиғилганларни халқимиз учун энг улуғ байрамлардан бири бўлган Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллик тантаналари билан табриклади. Давлат ва жамиятимиз тараққиётининг асоси, халқимиз тинчлиги ва фаровонлигининг негизи, фуқароларимизнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати бўлган Конституция қабул қилинган сана халқимизнинг ҳар вакили учун муҳим бир сана ҳисобланишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Демократик жамият ривожида, сиёсий, маънавий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга ошириб келинаётган изчил ислоҳотларнинг таг замирида ҳам Конституциянинг асосий тамойиллари, яъни ҳар бир инсоннинг қадр топиши, ўз истак хоҳишларини эркин ифода этиши асосий мазмун моҳият сифатида касб этишини айтиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Раҳматилла Абдусатторович Карабаев барчани Конституция қабул қилинганлигининг 26 йиллик тантаналари билан табриклаб, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг бугунги кундаги устувор вазифалари, касаба уюшмалари тизимининг бошқаруви, келгусидаги мақсад ва режалари, касаба уюшмалари аъзолари учун яратилиши мўлжалланаётган имтиёзлар, ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи бўйича ўзгаришлар, касаба уюшмаларида ёш мутахассисларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг иқтидорини намойиш этиш масалалари ва касаба уюшмаларининг халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари Республика Кенгаши раис ўринбосари Маҳмуд Хабибуллаевич Розиметов тадбир иштирокчиларига тармоқ касаба уюшмаларининг умумий фаолияти, касаба уюшмаларига аъзо бўлишнинг афзалликлари, “Жамоа шартнома”лари орқали ходимларга бериладиган имтиёзлар, меҳнат қонунчилигида ёшлар учун бериладиган имтиёз ва кафолатлар, корхонада ходимлар меҳнат қилиши учун хавфсиз меҳнат шароитларининг яратилиши, касаба уюшмаларининг ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун ташкил этиб келинаётган маънавий-маърифий, спорт-соғломлаштириш тадбирлари ҳақида батафсил маълумотларни берди.
Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Жаҳонгир Кенжаевич Садиев бугунги кунда касаба уюшмлари тизимида ёш мутахассисларга берилаётган имкониятлар, уларнинг ўз касбларини мукаммал ўрганишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, ёш ишчи-ходимларни моддий-маънавий томонлама қўллаб қувватлаш учун тармоқ миқёсида амалга ошириб келанаётган амалий ҳаракатларнинг ҳақида гапириб ўтди.
Институт касаба уюшма қўмитаси раиси Илёс Абдижабборович Холбоев институт касаба уюшма қўмитасининг умумий фаолияти, профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ва талабалар орасида амалга ошириб келаётган маънавий-маърифий, спорт соғломлаштириш тадбирлари, хавфсиз ва намунали меҳнат шароитларини яратиб бериш борасида амалга ошириб келинаётган ишлар ҳақида тўхталди. Касаба уюшма қўмитасининг фаолиятни олиб боришда иш берувчи билан ҳамоҳанг равишда, баҳамжиҳатликда меҳнат қилиб ишчи-хизматчилар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар хусусида алоҳида гапирди.
Тадбирда меҳнат қонунчилиги ва касаба уюшма қўмитасининг фаолияти ҳақида ташкилотчилар томонидан тайёрланган викторина саволларига тўғри жавоб берган талабаларга касаба уюшма қўмитасининг эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида иштирокчи ва маърузачилар орасида ўзаро мунозара ва фикр алмашиш бўлиб ўтди. Касаба уюшма фаолияти ҳақида иштирокчи талабалар томонидан берилган саволларга тадбир маърузачилари жавоб беришди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: