ТЕМИР ЙЎЛ ОРОМГОҲЛАРИ СОХА ХОДИМЛАРИ ФАРЗАНДЛАРИНИНГ ЁЗГИ ТАЪТИЛИНИ МАРОҚЛИ ЎТКАЗИШНИ ТАЪМИНЛАЙДИ
“Сиҳатгоҳ” санаторий-профлакторийсида «Ўзбекистон темир йўллари» акцияжорлик жамияти корхоналари тасарруфидаги болалар оромгоҳларида соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш ва уни уюшқоқлик билан ўтказиш борасида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда жамият Соғликни сақлаш хизмати, Марказий санитария эпидемиология станцияси, Транспорт ички ишлар бошқармаси, темир йўл оромгоҳлари раҳбарлари, маданият ва спорт муассасалари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ходимлари қатнашишди.
Тадбирда болалар оромгоҳларининг ўтган йилги фаолияти ва жорий йили бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтилди. Маълумки, жамият корхоналари тасарруфида 5 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳамда “Қўнғирот” профилакториясида ўтган 2017 йил мавсум давомида 7105 нафар темирйўлчилар фарзандлари соғломлаштирилди. Жорий йил эса 6 та оромгоҳда 7500 нафар болажонларни соғломлаштириш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қутлимурот Собиров сўзлар экан, жорий йил оромгоҳлар жойлардаги комиссиялар томонидан ўрганиб чиқилиб, натижа бўйича чора-тадбирлар, лойиҳа, сметалар тайёрланиб, улар бўйича жамият томонидан мақсадли маблағ ажратилганлиги ва таъмирлаш ишлари олиб борилганлигини таъкидлади.
Семинарда болаларни ёзги соғломлаштириш ва дам олдириш бўйича Республика Мувофиқлаштириш комиссияси томонидан компания учун ўрнатилган болаларни соғломлаштириш режасини бажариш мақсадида бешта болалар оромгоҳи 4 навбатда, қолган иккита оромгоҳ 3 навбатда фаолият юритилиши ҳамда уларда болаларни соғломлаштириш муддати 12 кун қилиб белгиланганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, кам таъминланган, кўп болали ва ёш оилалар, жамият тизимидаги корхоналарнинг ногирон ходимлари ҳамда қишлоқ туманларида истиқомат қилаётган ишчи-ходимларнинг фарзандларини ва етим болаларни соғломлаштириш ва уларга йўлланмаларни бепул беришга алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг мароқли дам олишлари учун мавсум давомида кўпгина амалий тадбирлар кўриш белгилаб олинди.
Йиғилишда барча оромгоҳларга малакали педагоглардан тарбиячи ва етакчиларни ишга жалб этиш масаласи алоҳида кўриб чиқилди.
Тадбирда Транспорт ИИБ ходимлари ҳам сўзга чиқиб, оромгоҳларда ёнғин хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида маълумот беришди. Тадбир сўнггида болаларнинг ёзги дам олишини тўғри ташкил этиш ва бўш вақтларини унумли ўтказишлари борасида қилиниши лозим бўлган ишлар бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: