ЭЪТИБОР, ЭЪЗОЗ, ЭҲТИРОМ ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ОИЛА ВА ЖАМИЯТДА ЯНАДА ФАОЛ БЎЛИШГА УНДАМОҚДА
Баҳорнинг пойқадами билан бошланган гулдек опа-сингилларимиз байрами шукуҳи ҳали узоқ вақт кўнгилларимизни нурафшон этиши табиий. Ватанга, оилага, ҳаётга ва келажакка эҳтиром — аёлга, онага эҳтиромдан бошланади. Аёлини асраган эл қудратли, онасини эъзозлаган фарзанднинг толеи баланд бўлади. Зеро, дунёдаги жамики буюк зотлар, жаҳонгирлар оқила ва доно оналар, гўзал табиатли аёллар бағрида ўсиб-улғайишган. Шу боис ҳам аёлни азалдан муқаддас билиб, унга ҳурмат-иззат кўрсатилган. Аёл шаънига қанчадан-қанча қасидалар, шеъру достонлар битилган.
Байрам муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизларга пул мукофотлари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан 64 нафар фидойи ва жонкуяр аёл қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Йиғилган барча аёлларга совғаларни акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Э.Қодиров ва тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Собировлар тантанали равишда топширишди.
Айём арафасида компанияда ташкил этилган тантанали маросимда таъкидланганидек, бугун жамоанинг 20 фоизини ишда фидойилик билан ўзини кўрсата оладиган, ташаббускор ва етакчи хотин-қизлар ташкил этади. Шу кеча-кундузда тизимда йирик кўламли лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширилишида, темир йўллар билан бирга янги манзиллар сари интилаётган тараққиёт ва замонавий инфратузилмаларни шакллантиришда уларнинг ўзига хос ўрни бор, албатта. Шунинг учун бўлса керак, бу масъулият ва ишонч ҳар бир опа-сингилларимизни алоҳида шаҳд ва шижоат билан ишлашга ундайди. Ҳар қандай рағбат, бу авваламбор, оилани янада мустаҳкамлаш, оила қувончига, хурсандчилигига сабаб бўлиши билан янада аҳамиятли.
Юртимиз узра байрамлар фасли бўлган баҳоройимнинг сепи ҳали ёйилмаса-да, байрам кайфияти, шукуҳи барча корхона ва ташкилотларда ҳукм сурмоқда. Юртининг, ўз фарзандларининг бахтли келажаги, юксак толеини ўйлаб, сидқидилдан меҳнат қилаётган опа – сингиллармизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад ёр бўлсин.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: