АЁЛ АРДОҚЛАНГАН ЮРТДА ТИНЧЛИК ВА БАРАКА БЎЛАДИ
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Раматов иштирок этди ва нутқ сўзлади. У ўз табрик сўзида ҳукуматимиз томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг интеллектуал, маънавий салоҳиятини рўёбга чиқариш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани ҳақида гапирди.
– Барчангизга маълумки, бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида юртимизда янги босқичдаги тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди А.Раматов. – Ҳар бир соҳа ва йўналишларга туб ўзгариш ва янгиликлар кириб бормоқда. Таъкидлаш лозимки, ана шу ўзгариш ва янгиликларда, шунингдек, темир йўл соҳасида юк ва йўловчи ташиш, ишлаб чиқаришдаги юқори кўрсаткичларга эришишда соҳада фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг ҳам муносиб ўрни бор.
Таъкидлаш лозимки, бу фидойи аёллар меҳнати ҳамиша юксак қадрланиб, давлатимиз ва темир йўл раҳбарияти томонидан муносиб тақдирланиб келинмоқда.
Соҳада хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш каби масалалар доимий эътиборда.
Шунингдек, темирйўлчи хотин-қизларимизнинг соғлиғини сақлаш ва дам олишлари, уларнинг фарзандлари соғлиғини тиклаш ва дам олишлари учун сиҳатгоҳ ҳамда дам олиш масканлари, соғломлаштириш оромгоҳлари фаолият кўрсатиб келмоқда, жисмоний тарбия ва спорт масканлари фаол ишламоқда.
Байрам муносабати билан тизимда меҳнат қилаётган барча хотин-қизларга 150 000 сўм миқдорида пул мукофотининг берилиши темирйўлчи аёллар учун кўрсатилаётган эътибор ва эъзознинг яна бир намунаси бўлди.
Байрам тадбирида эл суйган санъаткорлар иштирокида катта байрам концерти намойиш этилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: