ЭНГ ЯХШИ КИТОБХОН АНИҚЛАНДИ
Бугунги кунда мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳа ва тармоқларда улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу борада жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада яна бир муҳим ҳужжат – жорий йил 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бу долзарб муаммога жиддий эътибор қаратиш, баркамол авлод тарбияси йўлидаги муҳим қадамдир.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти ҳамда Марказий касаба уюшма кутубхонаси ҳамкорлигида ўтказилган “Энг яхши китобхон” кўрик-танловининг финал босқичи мазкур қарор ижросини таъминлашдаги биринчи амалий жавоблардан бири бўлди.
Танловда темир йўл тизимининг турли корхоналарида меҳнат қилаётган, соҳа ўқув муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи-талабалар иштирок этди. Мусобақа қатнашчилари “Таништирув”, “Савол-жавоб”, “Ҳикоя ёзиш” ва “Эркин мавзу” шартлари бўйича ўзаро беллашиб, ўзларининг китобхонлик борасидаги билимларини намойиш этишди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан қатнашчиларнинг чиқишлари муносиб баҳоланиб борилди. Мусобақа шартларига кўра, биринчи ўринга Ховос темир йўл касб-ҳунар коллежи биринчи босқич ўқувчиси Гулшода Ҳакимбоева, Термиз алоқа ва ишорат дистанцияси электромеханиги Моҳира Қурбонова, учинчи ўринга Қўнғирот электрдистанцияси электр устаси Дилором Жаббарбергановага сазовор бўлди.
Шунингдек, Қарши алоқа ва ишорат дистанцияси электромеханиги Нуриддин Расулов “Энг иқтидорли китобхон”, “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти Андижон филиали вагон кузатувчиси Шокир Солиев “Мухлислар меҳрини қозонган китобхон”, Бухоро вагонларга техник хизмат кўрсатиш депоси оператори Зулфия Жумақулова “Энг зукко китобхон” ҳамда Тошкент юк вагон депоси 22 – цех механиги Ҳасан Ҳаётов “Энг ёш китобхон” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.
– Бугунги кунда мамлакатимиз миқёсида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида илм-маърифатни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, китоб бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини уларнинг онгига етказиш муҳим вазифа сифатида ҳар биримизнинг фаолиятимизда алоҳида ўрин тутмоқда, – дейди танлов ҳакамлар ҳайъати раиси “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Соғлиқни сақлаш хизмати бошлиғи Тошпўлат Матибаев. – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилаётган мана шундай маънавий-маърифий тадбирлар темирйўлчиларнинг касбий-мутахассислик ҳамда бадиий-маънавий баркамоллигини оширишда муҳим ўрин тутади.
Ғолиблар Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Хотин-қизлар қўмитасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландлар.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: