МАВСУМ ТАҲЛИЛИ: ҒОЛИБЛАР АНИҚЛАНДИ
2017 йил ёзги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми якунлари бўйича Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг Тошкент шаҳар анжумани бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари раҳбарлари ва ходимлари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Анжуманда Тошкент шаҳар касаба уюшмалари бирлашмаси Кенгаши раиси С.Аҳмедов сўзга чиқиб, жорий йилги болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумида болаларни дам олдириш бўйича янгича ёндашув асосидаги тизимли ишлар янада такомиллаштирилганлигини таъкидлади. Жумладан, болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштириш ишларига давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорликдаги фаолияти ўзининг ижобий самарасини берганини айтиб ўтди.
Жорий йил ёз мавсуми давомида 25 та стационар оромгоҳларда 28 мингдан зиёд болалар ва 66 та кундузги мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳларда 30 мингга яқин болалар дам олдирилди. Пойтахт меҳнаткашлари фарзандлари билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикасидан режадаги 1790 нафар болалар ва режадан ташқари яна 500дан зиёд қорақалпоқ меҳнаткашларининг фарзандлари соғломлаштирилди. Шу билан бирга, оромгоҳларда ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда пойтахт маҳаллаларида истиқомат қилаётган кўп болали ва диний оқимга мансуб оилаларнинг фарзандлари, “Ногиронлар жамияти” ишчиларининг фарзандлари, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига имтиёзли ва бепул йўлланмалар берилди.
Мазкур Анжуманда ёзги соғломлаштириш мавсуми якунлари сарҳисоб қилиниши билан бирга 2017 йилги болаларни соғломлаштириш мавсумида энг намунали фаолият кўрсатган оромгоҳлар, уларда фаолият юритган ходимлар, мавсумни ташкил этишда энг фаол иштирок этган ҳомий ташкилотлар, хўжалик органлари Тошкент шаҳар касаба уюшмалари бирлашмаси Кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан муносиб тақдирланди. Тақдирланганлар орасида “Энг намунали стационар болалар оромгоҳи” номинациясида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Бурчи-мулло” болалар соғломлаштириш оромгоҳи, “Энг ғамхўр тарбиячи” номинациясида “Тошкент минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси тасарруфидаги “Янги авлод” болалар соғломлаштириш оромгоҳи тарбиячиси Елена Титова, “Энг яхши ошпаз” наминациясида шу оромгоҳ ошпази Элмира Абдувахобоваларнинг ҳам борлиги биз темирйўлчиларни хурсанд қилди. Уларга ташкилотчилар томонидан диплом, “Бахтиёр болалар мамлакати” статуэткаси, қимматбаҳо совғалар топширилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: