ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ ЎЗБЕКИСТОН!
Юртимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан “Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамиятида “Фидойинг бўлгаймиз сени Ўзбекистон!” шиори остида “Ўзбекистон — аҳил оила” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар маънавият ва маърифат кенгаши ҳамда корхона касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда Тошкент Давлат Юридик Университети доценти Ф. Муҳитдинова, Соғлиқни сақлаш хизмати бошлиғи, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Т. Матибаев, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхона ва ташкилотлардан бир гуруҳ мутасаддилар ва завод ишчи-ходимлари иштирок этди.
— Мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамиятли йиллар ўтиши билан тобора аҳамияти ортмоқда, — дея таъкидлади тадбирда сўзга чиққан Ф. Муҳитдинова. — Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда. Халқимизни янги марралар сари руҳлантириш мақсадида “Фидойинг бўлгаймиз сени Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат Дастурининг маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда тайёрланди. “Маънавият — энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз”, деган тамойилга мувофиқ аҳолининг маданий савиясини юксалтириш, ёшлар ўртасида китобхонликни ривожлантириш каби бир қатор ишлар тез фурсатда ўз самарасини кўрсатмоқда.
Шунингдек, йиғилишда сўзга чиққанлар Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар йиғилишидаги маърузасининг мазмун-моҳияти, турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтишди.
Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар, 15 диний конфессиялар вакиллари ягона оила фарзандларидек меҳнат қилмоқда. Барча миллат вакилларининг анъанавий урф-одатлари, қадриятларини сақлаш, уларга риоя қилишлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Ҳар бир халқ, миллатнинг қадр-қиммати, буюклиги, аввало, маънавиятининг юксаклиги билан белгиланади. Маънавияти юксак халқ эса тинч ва тотув ҳаёт кечиришини юртимиздаги тинчлик-хотиржамликнинг ўзиёқ исботлаб турибди. Бу каби тадбирлар эса ана шу тотувликни таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: