ОРОМГОҲДА БОЛАЖОНЛАР ҲАМ ДАМ, ҲАМ БИЛИМ ОЛИШМОҚДА
Ёз болажонларнинг энг севимли мавсуми. Таътил даврида оромгоҳларга бориб, мириқиб дам олишга нима етсин.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Қибрай” болалар оромгоҳи темирйўлчиларнинг фарзандларини соғломлаштиришга мўлжалланган масканлардан бири саналади. Бу ерда болалар учун барча шароитлар муҳайё этилган. “Қибрай” оромгоҳида республикамизнинг турли ҳудудларидан келган темирйўлчиларнинг фарзандларини учратиш мумкин. Сирдарё, Тошкент, Қашқадарё, Бухоро вилояти ва пойтахтлик болажонлар тажрибали ва фидойи тарбиячилар ғамхўрлигида аҳил-иноқ бўлиб ҳордиқ чиқаришмоқда. 10 та гуруҳда 500 нафардан зиёд бола тўрт мавсум давомида соғликларини мустаҳкамлаб, мириқиб дам олиш баробарида, билимларини ҳам бойитиб бориш имконига эгалар.
Оромгоҳ кутубхонасида бадиий адабиётлар билан бирга, турли соҳага оид китоблар ҳам мавжуд. Ҳар куни қизиқарли мавзуларда тадбирлар, бадиий кечалар ўтказилмоқда. Жумладан, ўтган ҳафтада оромгоҳда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти ҳамда Марказий касаба уюшма кутубхонаси ташаббуси билан “Китоблар яхшиликка этаклар” мавзусида кўрик-танлов ташкил этилди. Танловда болажонлар бир қатор шартлар асосида ўз билимларини синовдан ўтказишди. Тадбирдан сўнг болажонлар ўртасида шеърхонлик ўтказилди. Унда келажагимиз эгалари ўз ижод намуналарини тақдим этишди. Таъкидлаб ўтиш лозимки, жажжи ўғил-қизлар ёш бўлишларига қарамай, шеъриятдан етарлича хабардор эканликларини намоён этишди.
Тадбир якунида кўрик-танлов ғолибларига ва барча иштирокчиларга эсдалик совғалар топширилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: