БОЛАЖОНЛАР УЧУН МАРОҚЛИ КОНЦЕРТ ДАСТУРЛАРИ
Юртимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсон бўлиб вояга етиши масаласига давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилмоқда. Бу жиҳатлар навқирон авлодга пухта ва мукаммал таълим-тарбия бериш, ёшларни ўз қизиқиши ва интилиши бўйича касб-ҳунарга йўналтириш баробарида саломатлигини муҳофазалаш каби эзгу ишларда ўзининг ёрқин ифодасини топаётир.
Ёзги таътил кунлари оромгоҳларда ўқувчи ёшларнинг мароқли дам олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, спорт билан шуғулланиши, ўз қизиқиши, лаёқати бўйича билим ва кўникмаларини ошириши учун етарли барча шароитнинг яратилгани бунинг далилидир. Бу борадаги эзгу ишлар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида яхши йўлга қўйилган.
Бу йилги мавсумда ҳам тизим тасарруфидаги барча оромгоҳларда анъанавий тарзда болажонлар ёзги таътилини мазмунли ўтказмоқдалар. Сўлим ва баҳаво табиат қўйнида жойлашган оромгоҳларда болажонлар учун барча шарт-шароитлар юқори савияда ташкил этилган.
Ўтган ҳафта Тошкент вилоятининг хушманзара табиати бағридан жой олган “Янги авлод”, “Бурчи-мулло” ҳамда “Қибрай” оромгоҳларида Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Марказий темирйўлчилар маданият саройининг бадиий ҳаваскорлик ансамбллари, жумладан, “Ниҳол”, “Серпантинки” ансамбллари томонидан болажонлар учун концерт дастури намойиш этилди. Унда Ватанга муҳаббат, садоқат ва дўстлик, бахтиёр болаликни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди, куй-қўшиқлар тараннум этилди. Айниқса, Марказий темирйўлчилар маданият саройи қошидаги “Сезам” вокал студиясининг солисти Шероза Тўлаганованинг “Она” қўшиғи, “Ниҳол” ансамбли солисти Сарвиноз Тўлаганованинг “Товус рақси”, “Ниҳол” мукофоти совриндори, хонанда Ҳилола Ҳамидова ҳамда “Ниҳол” ансамбли хонандаси Нурсулув Турсинова ижросидаги қўшиқлар болажонларга манзур бўлди.
– Жорий йилда болажонларнинг ёзги таътилини мазмунли ўтказиш мақсадида Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди, – дейди мазкур концерт ташкилотчиси Марказий темирйўлчилар маданият саройи директори ўринбосари Дилором Мансурова. – Ёз давомида оромгоҳларда ташкил этилаётган турли маданий-маърифий тадбирлар ёш авлодни миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида камол топтириш, бой қадриятларимиз ва анъаналаримизга чуқур ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Оромгоҳларда дам олаётган темирйўлчи фарзандлари концерт дастурларидан олам-олам завқ олишди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: