ОРОМГОҲЛАР МАВСУМГА ШАЙ
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги 6 та болалар дам олиш оромгоҳини жорий йилги ёз мавсумига тайёрлаш ишлари якунига етказилди.
9 июндан бошлаб болажонларнинг севимли маскани “Қибрай”, “Дўстлик”, “Темирйўлчи”, 10 июндан “Бурчи-мулло”, 12 июндан “Қўнғирот” санаторий-профилакторийси, 16 июндан эса “Янги авлод” оромгоҳларида мавсумнинг биринчи босқичи бошланади. Ушбу масканларда жорий мавсумда 4 босқичда темирйўлчилар, транспорт қурувчилари ва метрополитен ходимларининг 6800 нафар 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган фарзандларини соғломлаштириш режалаштирилган. Бунинг учун оромгоҳларда юксак даражада шарт-шароитлар яратилди. Шинам турар-жойлар, дам олиш ва овқатланиш масканлари, қизиқарли адабиётларга бой кутубхона, иситиш қурилмали чўмилиш ҳавзалари, табиий ва сунъий қопламали спорт ҳамда очиқ ҳаводаги шахмат майдончалари болажонлар учун шай ҳолатга келтирилди.
– 2017 йилги мавсумда “Қибрай” оромгоҳида 1650 нафар, “Бурчи-мулло” оромгоҳида 960 нафар, “Дўстлик” оромгоҳида 1000 нафар, “Темирйўлчи” оромгоҳида 1100 нафар, “Янги авлод” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 800 нафар, шунингдек, “Қўнғирот” профилакторийсида 280 нафар соҳа ходимлари фарзандини соғломлаштириш кўзда тутилган, – дейди Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Йўлдош Назаров. – Бунинг учун эса “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти томонидан фарзандларимизнинг мазмунли дам олишларини таъминлаш мақсадида тармоқ тасарруфидаги оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш ишлари пухта режа асосида олиб борилди. Шунингдек, мавсум давомида Оролбўйида фаолият кўрсатаётган соҳа ходимлари фарзандларининг ҳам “Тошкент” минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси тасарруфидаги “Қибрай” соғломлаштириш оромгоҳида дам олиши белгиланган. Бундан ташқари, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти томонидан кам таъминланган, кўп болали ва ёш оилалар, тармоқ корхоналари, ташкилотлар ва муассасаларнинг ногирон ходимлари ҳамда қишлоқ туманларида истиқомат қилаётган ишчи-ходимларнинг фарзандлари ва етим болаларни соғломлаштириш мақсадида уларни имтиёзли йўлланмалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Айни пайтда пойтахтимиздаги 23-Меҳрибонлик уйининг 40 нафар тарбияланувчисига ҳам “Қибрай” оромгоҳи учун бепул йўлланма ажратилди.
Жорий йилги мавсумда “Қибрай” болалар соғломлаштириш оромгоҳида энг кўп болажонларни қабул қилиш кўзда тутилган. Бу ерда жами 1650 нафар болалар соғломлаштирилади. Шу боис ушбу оромгоҳда катта ҳажмдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Павильонлар, тиббиёт пункти, хўжалик майдони, маънавият-маърифат хонаси, маъмурий бинолар, ошхона ҳамда барча ётоқхоналар таъмирдан чиқарилиб, замонавий мебеллар билан жиҳозланди. Шунингдек, ишчилар учун махсус ётоқхона, катта ва кичик сув ҳавзаси ҳамда ювиниш хоналари, болалар арғимчоқлари, турли аттракционлар ҳамда томоша кўрсатиш саҳнаси тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Маънавият-маърифат маскани 207 та янги китоб билан тўлдирилди.
Худди шундай ишлар тармоқ тасарруфидаги бошқа оромгоҳларда ҳам амалга оширилди. Хусусан, ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятларда эвакуация режаси тасдиқланди, оромгоҳлар бошлиқлари билан меҳнат шартномалари тузилди.
Барча оромгоҳларда очиқ шахмат майдони ва сунъий қопламали стадион қурилди. Оромгоҳлар кроват, тумба, юмшоқ ва замонавий мебель ҳамда ётоқхона жиҳозлари билан таъминланди. Кутубхоналарга 1200 дан ортиқ янги китоб келтирилди. Болаларнинг вақтларини мазмунли ва қизиқарли ташкил этиш мақсадида чет тили, қўл меҳнати, шахмат-шашка, спорт ва бошқа тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, турли викториналар, кўнгилочар ўйинлар ташкил этилади.
Дам олиш масканларида болалар саломатлиги, тозалик, овқатланиш тартиби шифокорларнинг доимий назоратида бўлади. Витаминларга бой озиқ-овқатлар, турли мевалардан тайёрланган шарбатлар мунтазам бериб борилади. Қизиқарли маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари эса уларнинг бадиий-эстетик дунёқарашини ошириш, жисмонан ва ақлан етук бўлиб камол топишларига хизмат қилиши шубҳасиз.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: