ЭЗГУ МАҚСАД ЙЎЛИДА
Темирйўлчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишларда “Ўзвагонтаъмир” акциядорлик жамияти касаба уюшмаси қўмитаси самарали фаолият олиб бормоқда. Инсон саломатлигини ҳимоя қилиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлам ва кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳамда жисмоний ва маънавий соғлом, ҳар томонлама етук баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиш борасидаги амалий ишлардан ишчи-ходимлар ҳам миннатдор.
— Ишчи-ходимларнинг оғирини енгил қилиш, иш жойларида хавф-хатарсиз иш шароитларни таъминлаш бўйича корхона касаба уюшма қўмитамиз қатор чора-тадбирларни ишлаб чиққан, — дейди “Ўзвагонтаъмир” АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси в.б. З.Гавмидинов. — Бу йил эса “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ишлар кўлами янада кенгаймоқда. 2017 йилга мўлжалланган маънавий ва маърифий ишлари дастурига асосан вагон депосида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасининг мазмун-моҳияти ҳамда ислоҳотлар жараёнида амалга оширилаётган устувор йўналишлари, қабул қилинган қонун хужжатларининг ижросини таъминлаш бўйича Ховос вагон депосида йиғилиш ўтказилди. Мана шундай ишчи-ходимларнинг маънавий-ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган турли долзарб мавзулардаги семинар, давра суҳбати ва учрашувлар корхонада мунтазам ўтказиб борилади.
Корхонада ишчи-ходимларнинг бўш вақтларини мароқли ҳордиқ чиқариб, дам олишларини мазмунли ўтказишлари учун ҳам қатор ишлар амалга оширилади. Корхонада кўп йиллар самарали меҳнат қилган ишчи М.Лутфуллаевга соғлигини тиклаш мақсадида касаба уюшмаси ҳамда тиббий ходимлар тавсияларига асосан “Чимён санаторийсига йўлланма ажратилди.
Эътироф этиш жоизки, корхонада ҳар бир байрам тадбирлари кўтаринки руҳда нишонланади. Яқинда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Ховос минтақавий темир йўл узелига қарашли касаба уюшмаси бошчилигида темирйўлчилар саройида тадбир ўтказилди ва бу тадбирда корхонамизнинг 4 нафар фахрийлари иштирок этишди. Тадбир байрам дастури ва байрам дастурхони атрофида нишонланди. “Ўзвагонтаъмир” АЖ касаба уюшмаси томонидан 3 нафар фахрийсига эсдалик совғалари берилди.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан ишчи-ходимларнинг 20 нафар фарзандига Анхор-Локомотив болалар истироҳат боғига бепул “дисконт карта”лар ажратилди. Шунингдек, болалар байрами муносабати билан кам таъминланган ишчи-ходимларнинг 10 нафар фарзандларига “Ўзвагонтаъмир” АЖ касаба уюшмаси томонидан болалар бадиий адабиётлари совға қилинди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: