Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши   Click to listen highlighted text! Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши

МАҚСАДИМИЗ – ҲАР БИР БОЛА БАХТИЁР БЎЛСИН!

Болалик – ҳаёт уммонининг мусаффо сарчашмаси. Боиси, у ҳар бир мурғак қалб учун ташвишлардан йироқ, эзгуликка тўла лаҳзалардир.

Гўдакларнинг беғубор қалби фақат яхшиликларга йўғрилган бўлади. Шу сабаб, 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни энг қувончли байрам сифатида бутун дунё бўйлаб кенг нишонланади. Аслида ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш замирида ҳаётни, унинг давомийлигини асраб-авайлаш моҳияти ётади. Улар тўғрисидаги ҳар қандай ғамхўрлик эса юрт равнақи учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевор демакдир. Бугун эртамиз эгаларига кўрсатилаётган эътибор келажакда уларнинг Ватанига садоқатли, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб етишишида муҳим омил ҳисобланади.

Ўзбекистон темир йўллари тизимида келажак авлод униб-ўсиши, маънан ва жисмонан баркамол бўлиб вояга етиши вазифасига масъулият билан ёндашган ҳолда, ёш авлодга ғамхўрлик ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил чора-тадбирлар самарали ташкил этиб келинмоқда.

Хусусан, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Қизил Ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти ҳамкорликда, “Ҳар бир фарзандга меҳр, эътибор” шиори остида байрам тадбирларини ўтказиш анъанага айланган.

Байрам арафасида темир йўл тизимидаги корхона ва ташкилотлар, муассаса ва бўлинмаларда хизмат қилувчи кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва ногирон фарзандлари бор темирйўлчи оилаларга хайрия ёрдамлари кўрсатилмоқда.

Жумладан, Қизил Ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилотининг “Меҳр-Шавқат” хизмати Қўнғирот, Хўжейли, Урганч, Термиз, Қарши, Самарқанд, Бухоро, Ховос, Қўқон, Андижон, Тошкент станцияларидаги 111 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган темирйўлчи оилалар фарзандлари учун кийим-кечак, спорт инвентарлари, санитария-гигиена воситалари кўринишида хайрия ёрдамлари кўрсатилди.

Пойтахтимиздаги  14-, 21-, 22-,30 – Меҳрибонлик уйлари,   1 ва 2 – сонли ногирон болалар Меҳрибонлик уйлари, Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйи, Ўзбекистон Республикаси “Анемия ва лейкемия” хайрия жамоат фонди тарбияланувчилари учун цирк томошалари, театр, концерт ва истироҳат боғида мириқиб дам олишлари учун чипталар ажратилди ҳамда кийим-кечак, гигиена воситалари ва спорт инвентарларидан иборат байрам совғалари топширилди, байрам концертлари ташкил этилди. Айниқса, тадбир доирасида ўтказилган китоб викторинаси болажонларда катта таассурот қолдирди. Викторина ғолибларига қизиқарли китоблар тақдим этилди.

Шунингдек, темирйўлчи оилалар фарзандлари учун “Туркистон” санъат саройида бўлиб ўтадиган “Беғубор болалигим” деб номланган хайрия гала концертига, “Анҳор сайли” истироҳат боғида дам олишлари учун имтиёзли чипталар ажратилди.

Марказий темирйўлчилар маданият саройи маданий оммавий бўлими болалар бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан ўтказилган байрам концерти ҳам болажонларни ҳар томонлама камол топиши йўлида тизимда олиб борилаётган эзгу ишлардан бири бўлди.

Маълумки, Марказий темирйўлчилар маданият саройи ёш авлод вакилларининг санъатга бўлган ҳурмат ва қизиқишини янада кучайтириб, уни кенг тарғиб ва ташвиқ этиб келмоқда. Она заминга муҳаббат, юксак ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий ва эстетик руҳда тарбиялашда таълим мактаблари билан бир қаторда маданият саройларининг ҳам ўз ўрни бор эканлигини амалда исбот этиб келаяпти. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига атаб ўтказилган катта байрам дастурида ҳам ҳаваскорлик тўгараклари ўз маҳоратларини яна бир бор намойиш этишди.

Айниқса, Ирина Камилова раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикасининг кўплаб фестиваль ва мусобақалари “Гран-при” совриндори “Серпантинки” жамоаси, “Ниҳол” ансамбли хонандаси, “Ниҳол” мукофоти совриндори Ҳилола Ҳамидова, мамлакатимизда ўтказилган кўплаб  замонавий рақс беллашувларида бир неча бор ғолибликни қўлга киритган Элбек Мансуров раҳбарлигидаги “Busted Brother” гуруҳи, Нурмурод Эгамбердиев раҳбарлигидаги “SBS” гуруҳи,  Фарангиз Абдуллаева раҳбарлигидаги “Fanny English” инглиз тили гуруҳи, “Аловуддин” эстрада студияси солисткаси Шероза Тўлаганова, Бекзод Қодиров,  Мадина Алимова Вазира Абдуллаева  раҳбарлигидаги “Жасмин” ансамбли иштирокчиларининг  ўзбек, араб, ҳинд, рус ва бошқа халқларга мансуб турли жанрдаги рақс ижролари томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Байрам дастури бошловчилари Шероза Тўлаганова ва Вазира Абдуллаеваларнинг чиқишлари концертга алоҳида файз бағишлади.

Шунингдек байрам тадбирида Марказий касаба уюшма кутубхонаси томонидан “Энг яхши китобхон” викторинаси ўтказилиб, ғолиб болаларга қимматбаҳо китоблар совға қилинди.

– Бугунги ҳисобот концерт дастури болажонлар учун чинакам байрам шодиёнасига айланганини кўриб, уларга сабоқ берган мураббийларнинг ҳам ўз меҳнатларидан кўнгиллари тўлмоқда, – дейди маданият саройи директори ўринбосари Дилором Мансурова. – Шу ўринда болажонларни санъатга жалб этиш, раққосалик истеъдодларини ривожлантириш, уларнинг қалбида бой маданий меросимизга муҳаббат уйғотиш, шунингдек, анъанавий рақсларни ўргатишдек эзгу ишларга алоҳида эътибор қаратаётган  “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раҳбариятига миннатдорчилик билдираман.

Бола кулса – олам кулади, дейди халқимиз. Дарҳақиқат, дунёда болаларнинг беғубор кулгусидан гўзалроқ бирон қувонч йўқ. Фарзандлар чеҳрасидаги табассум боис бутун олам мунаввардир. Аммо сир эмаски, болалар ҳимояси бўйича етарлича ҳуқуқий асослар яратилган бўлишига қарамай,  бугунги кунда жаҳондаги барча болалар турли бало ва офатлардан муҳофаза этилган, деб айта олмаймиз. Дунёнинг турли мамлакатларида давом этаётган уруш ва террорчилик ҳаракатлари, айрим давлатларда ҳукм сураётган очлик, бунинг оқибатида пайдо бўлган турли касалликлардан миллионлаб, балки миллиардлаб болалар азият чекмоқда. Демак, бу айём болаларга фақат шодликлар улашадиган байрам эмас, балки жамоатчиликка адолатли ва фаровон жамият қуришнинг асосий шартларидан бири бўлган ёш авлод ҳуқуқини ҳимоя ва ҳурмат қилишни эслатиш, мудом ёрдамга  муҳтож бўлган ёш авлод олдидаги масъулият ва жавобгарликни  яна бир бор таъкидлаш куни ҳамдир.

Болаларимизни асрайлик, авайлайлик, ҳар қандай ёмон иллатлардан ҳимоя қилайлик, уларнинг болалигини бахтиёр қилайлик – келажагимизга мустаҳкам пойдевор қурайлик!

Print Friendly, PDF & Email

Arxivlar

Noyabr 2024
Du Se Ch Pa Ju Sh Ya
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930  

Хатолик топдингизми?

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!