АЁЛ ҚАЛБИ ЭЗГУЛИК УММОНИ
Марказий касаба уюшма кутубхонасида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёл қалби эзгулик уммони” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Унда фахрий темирйўлчи Раъно Рустамбекова, Қизил ярим ой жамияти темир йўл минтақавий ташкилоти мутахассиси Феруза Орипова, кутубхона ходимлари ҳамда Тошкент темир йўл касб-ҳунар коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.
— Аёл — меҳрибон она, вафодор умр йўлдош, суюкли ёр, мунис сингил, —дейди тадбир ташкилотчиси Марказий касаба уюшма кутубхонаси директори Дилафрўз Каримова. — Аёл ҳақидаги таърифу тавсифларни жуда кўп келтириш мумкин. У барча яхшиликларнинг дебочаси мақомига сазовор зот. Шу боис ҳам бугунги тадбиримизни “Аёл қалби эзгулик уммони” деб номладик. Бу тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад эса ёшлар билан фахрийлар ўртасида мулоқот уюштириш ва уларнинг билим-тажрибаларидан фойдаланиб, ёшларни улкан марралар сари илҳомлантиришдир.
Тадбирда аёлнинг жамият ҳаётидаги ўрни, темир йўл тармоғи ривожида аёлларнинг ҳиссаси, уларга яратилаётган имкониятлар хусусида сўз борди. Ўқувчилар томонидан она ва аёлни улуғловчи шеърлар айтилди.
Тадбир сўнггида Марказий темирйўлчилар маданият саройи қошидаги “Ниҳол” ансамбли томонидан янграган аёлни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчани хушнуд этди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: