Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши   Click to listen highlighted text! Welcome to Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши

“ЎЗБЕКИСТОН” ЛОКОМОТИВ ДЕПОСИ ЁТОҚХОНАСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

“Ўзбекистон” локомотив депоси тасарруфидаги темирйўлчилар ётоқхонаси тўлиқ қайта  таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ташкил этилганига 25 йил тўлиши муносабати билан 8 ноябрь куни ушбу ётоқхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Жамият бошқаруви раиси Х.Хасилов, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Собиров, “Ўзбекистон” локомотив депоси раҳбар ва мутахассислари, тармоқ тасарруфидаги корхоналарда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимлар иштирок этди.

Тадбирда Х.Хасилов сўзга чиқиб, 7 ноябрь куни Ўзбекистон темир йўллари ташкил топганлигининг 25 йиллиги билан йиғилганларни самимий табриклади.

–“Ўзбекистон” локомотив депоси раҳбарияти томонидан қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилаётган ушбу темирйўлчилар ётоқхонаси тармоқда ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясига, яшаш шароитларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир намунасидир, – деди Х.Хасилов. – Қисқа фурсатда кўркам ва сифатли қилиб таъмирланган ётоқхонанинг ҳар бир хонасида соҳа ходимларининг яшаши учун барча шароитлар яратилибди. Сизларни яна бир бор Ўзбекистон темир йўлларининг 25 йиллиги ва янги таъмирланган уй-жойлар билан 90 минг сонли темирйўлчилар номидан табриклайман.

Бошқарув раиси байрам муносабати билан соҳада самарали фаолият кўрсатаётган 18 нафар темирйўлчи “Фахрий темирйўлчи” кўкрак белгиси, 400 нафари фахрий ёрлиқ, 2000 нафари эса ташаккурнома ҳамда 150 нафар соҳа ходими  қимматбаҳо совғалар билан тақдирланганини таъкидлаб, бундан кейинги йилларда ҳам темир йўлларимиз учун фидойилик билан меҳнат қиладиган ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаб, уларнинг фидойи ҳамда ҳалол меҳнатларини муносиб рағбатлантириш учун барча имкониятлар ишга солиниши айтиб ўтди.

Шундан сўнг Х.Хасилов тармоқ тасарруфида фаолият кўрсатаётган 40 нафар соҳа ходимларига қайта таъмирланган уйларнинг калитларини тантанали тарзда топширди. Сўнг эса меҳмонлар ётоқхонада яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб чиқдилар.

Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратиб ўтиш лозим. Жорий йил бошида нураб ётган, қаровсиз, таъмир учун катта маблағ талаб этадиган ушбу ётоқхонани дастлаб Тошкент вилояти Янги йўл тумани ҳокимияти балансига ўтказиб юбориш таклифи ҳам олдинга “ташланган” эди. Бироқ “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти ушбу ётоқхона ҳолати билан яқиндан танишиб чиққач, катта-катта ишларда, буюк қурилишларда меҳнат қилаётган, юк ва йўловчи поездларимиз ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда муносиб ҳисса қўшаётган касб эгалари учун қанча маблағ кетса ҳам ушбу ётоқхонани қайта таъмирлаб, бу ерда яшайдиган соҳа ходимлари учун барча шароитларни яратиб бериш тўхтамига келинди. Шундан сўнг таъмирлаш ишлари учун маблағ ҳам ажратилди, қурилиш ишлари ҳам бошлаб юборилди.

  –“Ўзбекистон” станциясида жойлашган ушбу 4 қаватлик ётоқхона 1976 йилда қурилган бўлиб, шу кунга қадар капитал таъмирланмаган эди, – дейди депо мутахассиси Анфиса Рўзиқулова. – Шунга қарамай бу ерда республикамизнинг турли ҳудудларидан келиб, тармоқ корхоналарида фаолият кўрсатаётган соҳа ходимлари фойдаланиб келишган. Йиллар давомида ушбу ётоқхона таъмирига эътибор қаратилмагани учун жуда абгор ҳолатга келиб қолган эди. Қаровсиз қолган хоналар эскириб, сув ва канализация тизими яроқсиз ҳолатда эди, хоналарни иситиш воситалари ва ёнғин хавфсизлиги талабга мутлақо жавоб бермаган. Жорий йил бошида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти ушбу ҳолатни ўрганиб чиқиб, 4 қаватлик бинони тўлиқ қайта таъмирлаб, кўркам ҳолатга келтириш учун маблағ ажратди. Шундан сўнг апрель ойида нураб қолган бинога тажрибали усталар жалб этилди. Қурилиш материаллари, бино учун зарур эшик-ромлар, иситиш воситалари ўз вақтида етказиб турилди. “Ўзбекистон” локомотив депоси раҳбарияти томонидан ҳар бир қаватдаги хоналарнинг таъмирлаш жараёни назорат қилиниб борилди. Ётоқхонани кўркам ҳолатга келтириш, бу ерда яшайдиган ишчи-ходимларга ҳар томонлама қулай шароитларни яратиб бериш мақсадида барча зарур сифатли қурилиш маҳсулотлари етказиб турилди. Тажрибали қурувчиларнинг куну тун олиб борган тинимсиз меҳнатлари туфайли қисқса фурсатда, бор йўғи 7 ойда кўркам ва шинам ётоқхона замонавий кўринишга келтирилди.

Ўтган вақт давомида бу ерда олиб борилган таъмирлаш ишлари жараёнида ётоқхонанинг 4 та қаватидаги барча хоналар, йўлаклар, бинонинг ташқи қисми тўлиқ таъмирланиб, атроф муҳит ободонлаштирилди.

4 қаватлик ётоқхонада 118 та хона ва 15 та ошхона мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси тўлиқ таъмирдан сифатли чиқарилди. Ҳар бир қаватнинг йўлаклари янгиланди, ювиниш хоналари, ошхоналар кўркам ҳолатга келтирилиб, янги мебель жиҳозлари билан таъминланди. Хоналар ва йўлакларнинг барча эшик ва деразалари замонавий “акфа” ромлари ҳамда “mdf” эшикларига алмаштирилди, иситиш тизими ҳам тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, замонавий мосламалар ўрнатилди. Энг муҳими бу ерда истиқомат қилувчилар учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир хона ичида ювиниш хоналари қурилиб, янги жиҳозлар билан таъминланди. Ёнғин хавфсизлиги талаблари ҳам белгиланган меҳёр даражасига келтирилди.

Биринчи қаватда 32 та хона ва 3 та ошхона мавжуд бўлиб, ҳар бир хонада 2 тадан ишчи-ходим яшаши учун шароит яратилган. Биринчи қават асосан Ўзбекистон темир йўлларининг турли ҳудудларидан хизмат сафарига вақтинча  келган темирйўлчиларнинг дам олиб, яшашлари учун мўлжалланган бўлса, 2-, 3-, 4-қаватлар асосан бошқа вилоятларан келиб, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти ҳудудидаги темир йўл корхоналарида фаолият кўрсатаётган темирйўлчилар оиласи учун 5 йил муддатга берилади.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон темир йўлларининг 25 йиллиги “Ўзбекистон” локомотив депоси ҳамда Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудидаги тармоқ корхоналарида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзолари учун қўшалқ байрам бўлди. Шу куни улар қайта таъмирланиб, барча шароитларга эга хоналарга кўчиб киришди.

Print Friendly, PDF & Email

Arxivlar

Dekabr 2024
Du Se Ch Pa Ju Sh Ya
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031  

Хатолик топдингизми?

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!